Инсон қадри улуғланган, эъзозланган юртда тўкинлик, фаровонлик бўлади. Байрамлар, тўю тантаналар ҳам шунда ярашади. Фарғона вилоятида амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлардан асосий мақсад ҳар бир кишини ҳаётдан рози қилиш, унинг бахтли яшаши учун муносиб шароит яратишдир.
Айни кунларда вилоятда бўлиб ўтаётган “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирларда бу алоҳида эътироф этилмоқда.
Пойтахтимиздан келган таниқли санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари билан маҳаллаларда “Фарғона тонг отгунча” гурунглар, мулоқотлар бўлиб ўтмоқда. Гала концертлар, энг сара кинофильмлар намойиши аҳолига кўтаринкилик бағишлаб, ўзгача шукуҳ улашаётир. Китобхонликни ривожлантиришда Фарғонада яхши тажриба бор.
Тадбирлар доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Китоб карвони” ташкил этилгани бунда катта самара бермоқда. Беш мингдан зиёд китоблар шаҳар, туманларда ўтказилаётган учрашувлар ва йўқловларда аҳолига туҳфа қилинмоқда. Шунингдек, кино санъатимизнинг 100 та энг сара намунаси ва сўнгги йилларда ишлаб чиқарилган фильмларни намойиш этиш, киноижодкорлар билан юзма-юз учрашувлар эса барчага манзур бўляпти.
Фарғона шаҳрида айни кунларда 300 гектар майдонда экошаҳар қад ростламоқда. “Янги Ўзбекистон” массивига тамал тоши қўйилиб, янги уй-жойлар қурилиши қизғин паллага кирган. Ижодкорларнинг бу ерга ташрифи қурувчиларга, ободонлаштириш ходимларига катта руҳ ва шижоат бағишлади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов учрашувда ўзининг самимий тилакларини билдирди. Санъаткорларнинг қўшиқлари барчани рақсга чорлади.
Ёзёвон туманига келган киши бу ердаги бунёдкорлик ишларидан завқ олади. Равон йўллар, обод қишлоқлар одамлар ҳаёт тарзини ўзгартирди. Айни кунларда “Сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғинида “Янги Ўзбекистон” массиви қад кўтармоқда. Бу ерда қурилаётган осмон ўпар уй-жойлар, замонавий инфратузилма тармоқларининг кўлами кенг, ранг-баранглиги билан эътиборни тортади. Замонавий боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари азим маскан қиёфасини тубдан ўзгартиб юбормоқда.
Қишлоққа таниқли кино ва санъат усталарининг келиши барчага қувонч улашгани рост. Тумандаги 28-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўзбек кино олами вакиллари, таниқли санъаткорлар билан бўлиб ўтган учрашув ана шундай руҳда кечди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, киноактёр Эгамберди Раҳимов, “Бегона баҳор”, “Жийда гули” каби сериаллари билан кўпчиликка таниш бўлган режиссёр Иброҳимжон Расулов, актриса Гулбаҳор Дадамирзаевалар тумандаги “Баҳор”, “Тегирмонбоши” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашиб, дилдан суҳбат қурди.
– Рости, анчадан бери бундай тадбирлар бўлмаётган эди, таниқли инсонларни экранда кўрардик холос, – дейди Зуҳра Фозилова. – Бугун эса ўзлари қишлоғимизга келишди. Хотирада қоладиган маданий ҳордиқ чиқардик. Ҳаммаларига раҳмат.
Ижодкорлар “Марказий Фарғона” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 105 ёшни қаршилаган Зуҳрабиби Акбарова хонадонида бўлди. Кекса онахон меҳмонлар ташрифидан боши кўкга етди.
–Мени йўқлаб шундай таниқли кишилар, машҳур қўшиқчи ёшлар келишини хаёлимга ҳам келтирмаганман, – дейди меҳмонлар ташрифидан куч олган Зуҳрабиби она. – Ўзлари кириб келиб, ҳол-аҳвол сўраганидан янаям ёшариб кетгандек бўлдим. Раҳмат, умрларидан барака топсин. Кекса онахон хонадонида меҳмон бўлган таниқли қўшиқчи Машҳурбек Раимжонов жонли ижрода қўшиқ куйлаб берди.
Тадбир иштирокчилари “Қўрғонча” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Майрамхон Комилова хонадонида бўлди, турфа гул ва ширинликлар совға қилишди. Умуман олганда, вилоятда давом этаётган тантаналар доирасида маҳаллалардаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган оилаларнинг ҳолидан хабар олинмоқда. Кексалик гаштини сураётган санъат, маданият, маънавият соҳаси ходимлари йўқланяпти.
М. Сулаймонов, ЎзА