Фарғона вилоятида мактабларнинг ҳам ички, ҳам ташқи қиёфасини янгилаш, таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш ва ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ишлар натижасида таълим соҳасидаги муаммолар ўз ечимини топмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан видеоселектор йиғилишида аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хўш, уларнинг ижроси қандай? Жорий йил якунига қадар “Ҳокимларнинг мактабга эътибор йили” доирасида юқори қувватлар билан фаолият кўрсатаётган Фарғона шаҳридаги 9, 6, Қўқон шаҳридаги 16-мактабда қўшимча бино қуриш орқали янги ўқувчи ўрни яратиш 475 миллион сўм ажратилди.

Шунингдек, ҳар бир туман, шаҳар ҳокимлари ҳамда халқ таълими бўлими мудирлари томонидан бир ой давомида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Сектор раҳбарлари ҳар ҳафта давомида ўз ҳудудидаги 2-3 тадан мактаблар фаолиятини ўрганиб, уларнинг инфратузилмаси ҳамда таълим сифати ва самарадорлиги билан ишлаш тажрибаси йўлга қўйилди.
Вилоятда таълим сифатини ошириш бўйича Фарғона давлат университети ҳамда Қўқон давлат педагогика институтининг профессор-ўқитувчилари, кафедра мудирлари ҳамда халқ таълими бошқармаси тизимида ўзининг юқори билим салоҳияти, узоқ йиллик педагогик тажрибасига эга бўлган малакали педагоглардан иборат “Мобил методик гуруҳлар” ташкил этилди. Ушбу гуруҳ вилоятдаги ижтимоий-маънавий муҳити носоғлом ҳамда таълим сифати паст бўлган 22 та таълим таълим муассасасига методик хизматни амалга оширмоқда.

-Бундан ташқари, вилоятда таълим сифати паст бўлган Марғилон, Қўқон шаҳарларида самарадорлик кўрсаткичларини ошириш мақсадида юқори натижага эришган мактаблар ёрдам кўрсатмоқда, -дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шерзоджон Долимов.- Жумладан, Марғилон шаҳрига Тошлоқ, Ёзёвон туманлари ва Фарғона шаҳридан юқори натижага эришган 15 та мактаб, Қўқон шаҳрига эса Ўзбекистон, Учкўприк, Бешариқ, Данғара, Фурқат туманларидан 23 та мактаб бириктирилган. Халқ таълимини ислоҳ қилиш бўйича вилоят кенгаши таълим соҳасидаги барча ишларда яқиндан кўмак бермоқда. Вилоят раҳбари таълим сифатини янада яхшилаш, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчининг жамиятдаги обрўсини ошириш каби масалаларда бизга кўмакдош бўлаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Ўқувчиларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, маънавиятини юксалтириш мақсадида таълим муассасаларида бахшичилик, мақом, эстрада, театр, рассомчилик, бадиий ҳаваскорлик жамоалари 1 минг 76 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур тўгаракларда фойдаланиш учун рубоб, дутор, дўмбира каби 2 миллиард 234 миллион сўмлик барча чолғу асбоблари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан харид қилинди.
Бугунги кунда халқ таълими ходимлари малакасини ошириш мақсадида Британия менежмент университети, Корея халқаро университети ҳамда Япониянинг Хоккаидо провинцияси, Саппоро шаҳри таълим бошқармалари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Шунингдек, Финляндия таълим тажрибасини кенг татбиқ этиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, финляндиялик малакали мутахассислар билан ҳамкорликда ўқувчиларни математика фанидан билимларини ошириш мақсадида SkillGrower таълим платформасидан фарғоналик ўқувчи ёшлар ва ўқитувчилар кенг фойдаланишмоқда.

Жорий йил “Янги Ўзбекистон” массивларининг қурилиши доирасида Фарғона шаҳрида 2 та, Фарғона ва Ёзёвон туманларида 1 тадан янги мактаблар қурилиши режалаштирилди. Бунинг учун 69,7 миллиард сўм маблағ йўналтириляпти. Президентимизнинг вилоятга қилган ташриф баёнига мувофиқ, 10 та мактабда реконструкция, 4 та мактабда мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланди. Бунинг учун 70 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Ҳудудларда соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар талайгина. Шу боис ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Учкўприк туманидаги 41-сон умумтаълим мактабининг мавжуд эски ўқув биноси бузилиб, 220 ўринли янги биносини қуриш ишлари бошланди. 2022 йил Инвестиция дастурига асосан вилоят бўйича 26 та мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 145,9 миллиард сўм маблағ ажратилган. Фарғона тумани “Юқори Водил” маҳалла фуқаролар йиғинида 660 ўринли, Сўх тумани “Офтобрў” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 330 ўринли янги мактабда қурилиш ишлари якунланди ва фойдаланишга қабул қилинмоқда. 24 тасида шаффоф тендер савдолари орқали ғолиблар аниқланиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал тарзда олиб борилмоқда.
Манзилли рўйхат асосида жорий йилда вилоятдаги пахса ва хом ғиштдан қурилган ҳамда бугунги кунда авария ҳолатидаги 592 ўринли 6 та мактаб филиаллари ўқув биноларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилиб, амалий ишларга киришилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастури асосида 37 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Вилоятда фаолият олиб борилаётган 10 та махсус мактаб-интернатлари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 28,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ушбу объектларда қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилди. Ҳозирда вилоят “Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси томонидан ушбу объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. 42 та компьютер синфларига компьютер жамланмалари етказиб берилди. Иккинчи босқичда 36 та синф хоналарига компьютер техникалари етказиб бериш ишлари июнь ойида якунига етказилади.
Вилоятда таълим ва тарбия сифатини яхшилаш учун барча эътибор ва ресурсларнинг сафарбар этилаётгани яхши самара бермоқда. Эътибор беринг, ҳозирга қадар вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан халқ таълими соҳасига 2022 йилда жами 40,2 миллиард сўм ажратилди.
Илғор тажрибаларни ўрганиш ҳам долзарб вазифа саналади. Хорижий мутахассислар жалб этиладиган умумтаълим мактаблар рўйхати шакллантирилиб, ҳокимликлар томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилиши белгиланди. Мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ барча харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, яқинда вилоят делегацияси Японияда бўлиб, таълим соҳасида ҳамкорлик алоқалари бошламоқда.
2022-2023 ўқув йилида болалар тарбияси, давомат, маънавий муҳит бўйича “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифага киритилган мактабларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш юзасидан вилоятнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Жумладан, 162 та “қизил” тоифага киритилган мактабларнинг 28 таси “сариқ” тоифага, 76 таси “яшил” тоифага ўтказишга эришилди.
Президентимизнинг жорий йил 12 майда қабул қилинган “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида” фармони ва “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори соҳани бутунлай янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Фарғона вилоятида бу борада ўзига хос тажриба яратилди ва бу ишлар тизимли давом эттирилмоқда.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА