Фарғонада “Соғлом оила – соғлом жамият” тамойили асосида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бандлик ва ижтимоий-профилактикани амалга оширишда “Маҳалладаги бешлик ҳамкорлиги” тизимини янгича ёндашув асосида йўлга қўйишда Фарғона вилояти тажрибасини Республикада оммалаштириш бўйича семинар иш бошлади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари, қўшни Наманган ва Андижон вилоятларининг шаҳар ва туманлари ҳокимлари ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари, Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, Ички ишлар вазирлиги ЖХХ ҲПБ бошлиқларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этмоқда.
Марғилондаги Эркин Воҳидов номидаги истироҳат боғида ўтказилаётган семинарнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Боситхонова қатнашди.
“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ижтимоий профилактикани ташкил этиш механизми бўйича Фарғона тажрибаси, “Тарбиянинг бош мактаби – ота-она ибрати” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки кунлик семинар давомида иштирокчилар Марғилон шаҳрида “Бир ҳунармандга ўн шогирд” тамойили асосидаги Фарғона тажрибаси, Олтиариқ туманида “Соғлом оилани шакллантириш”, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати доирасида амалга оширилган ишлар, Риштон туманида тадбиркор аёл Муҳайё Саттарова фаолияти, Бешариқ тумани маҳаллаларида амалга оширилган ишлар тақдимоти билан таништирилади. Қўқон шаҳрида хотин-қизлар бандлигини таъминлаган, тажрибали ва лидер тадбиркор аёлларнинг “Тадбиркор аёл – жамият ислоҳотчиси” мавзусидаги бизнес форумида иштирок этади.
М.Сулаймонов, ЎзА