Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона – Сўғд: Ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланмоқда
20:11 / 2022-09-02

ФОТОРЕПОРТАЖ

“Ўзбек ва тожиклар икки тилда сўзловчи бир халқ. Азалдан дўст-биродар, қуда-анда бўлиб ҳаёт кечирган. Урф-одатлари, анъаналари, яшаш тарзи ўхшаш, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар мавжуд”. Бундай самимий фикрлар Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрида Фарғона ва Сўғд вилоятлари расмийлари, туризм агентликлари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирокида ўтказилган Сайёҳлик бизнес форуми ва пресс-тур жараёнларида кўп бор тилга олинди.

Хўжанддаги “Суғдиён” меҳмонхонасининг конференц-залида бўлиб ўтган бизнес форумнинг очилиш тадбирида Сўғд вилояти раиси ўринбосари Анвар Яъкуби ва Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов алоҳида таъкидлаганидек, икки давлат раҳбарлари кейинги йилларда бир неча бор расмий ва дўстона учрашиб, ўзаро муносабатлар мақомини кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарди. Қардош халқлар манфаатига хизмат қиладиган қатор меморандумлар имзоланди. Бундай амалий ҳаракатларнинг барчаси, шу жумладан, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш имкониятларининг пайдо бўлгани Буюк Ипак йўлида жойлашган давлатларнинг иқтисодий тараққиётига, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Фарғона ва Сўғд вилоятларининг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятлари юзасидан “Зарафшон” туризмини ривожлантириш ассоциацияси” жамоатчилик ташкилоти директори Ж. Юсупов ва  Фарғона вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси мутахассиси Б. Жўраев “Тожикистон туризми салоҳияти ва ҳамкорлик имкониятлари”, “Фарғона вилояти – Ўзбекистон гавҳари” мавзуларида тақдимот ўтказди. 

[gallery-8614]

– Гўзал водий марказида жойлашган Фарғона вилояти туризм соҳасида юксак салоҳият, замонавий инфратузилмага эга, - деди Фарғона вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси мутахассиси Б. Жўраев. –Аввало, бетакрор табиати, табиий неъматлари, тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари, қолаверса, меҳнаткаш ва меҳмондўст халқи яратаётган санъат даражасидаги миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳар қандай сайёҳни ўзига жалб қила олади. Хушманзара масканда жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, тарихий обидалар фарғоналикларнинг ўтмиши, бугунги ёрқин келажагидан дарак беради. Шунингдек, экотуризм, қишлоқ туризми, спорт туризми, агротуризм, тиббиёт туризмини ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вилоятда замонавий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари қурилмоқда. Булар туризм салоҳиятини янада юксалтиряпти. Бугунги кунда вилоятда 370 дан зиёд миллий мерос объектлари мавжуд. Сайёҳлик иқтисодиёт тармоқларининг етакчи бўғинларидан бирига айланиб бормоқда.

Тадбирда шунингдек, Тожикистон туризм ва тадбиркорлик халқаро университетининг Сўғд вилояти филиали декани С. Раҳимовнинг “Тожикистон туризмини ривожлантиришнинг асослари: бугунги ҳолат ва ривожлантириш истиқболлари” мавзуидаги маърузаси тингланди. Соҳа вакиллари ўзаро ҳамкорлик алоқаларини изчил йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш бўйича фикр алмашди, журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.

– Вилоятимизда 93 та туристик объект мавжуд бўлиб, улар қадимий зиёратгоҳлар, дам олиш масканлари ва тарихий музейлардир, - дейди Сўғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия мақомати сайёҳликни ривожлантириш бўлими бошлиғи А. Раҳимов. – Биргина жорий йилнинг олти ойи давомида 50 мингдан ортиқ ўзбекистонлик турист сифатида мазкур жойларга ташриф буюрди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга кўпдир. Ишончим комил, бизнес форум доирасидаги келишувлар сайёҳлар оқимини янада кўпайтиради.

Сўғд вилояти тарихи музейида икки вилоят туристик агентликлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, биргаликда соҳани ривожлантиришга кўмаклашиш, қўшма кўргазмалар, конференциялар ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

– Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган “Водий сайёҳ” туристик агентлиги билан узоқ йилга мўлжалланган келишувга эришдик, - дейди “Қалъаи Хўжанд” мажмуаси директори И. Иброҳимов. – Бу келишув заминида дарвозаларимизнинг очиқлиги, яхши қўшничилик муносабатларининг қайта тиклангани ётади. Биз ўзбекистонлик сайёҳларга мажмуада мароқли дам олишни, ҳудуддаги Камолиддин Хўжандий номли истироҳат боғи, буюк алломанинг рамзий мақбараси ва уй музейи, қадимий қалъа, давлат тарихий музейи, осмакўприк, археологик ёдгорликлар билан танишиб, маънавий озуқ олишни таклиф қиляпмиз. Шубҳасиз, кўҳна Хўжандни зиёрат қилиш асносида улар буюк аждодларимиз бугунги авлодларга бой маданий мерос қолдириб кетганига гувоҳ бўлади. Зеро, ўзбек ва тожик халқларининг ўтмиши бир.

ЎзА фотомухбири

Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.