Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона шаҳрида 24 соат ишлайди деган 24 та хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари нега ишламай қолди?
16:33 / 2022-03-11

Фарғона вилоятида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш, сифатини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда.

Тадбиркорлар томонидан жойларда янги лойиҳалар ишга туширилаётир. Аммо баъзида бу каби объектлар ҳисоботлар, расмиятчилик учун очилаётган кўринади. Кўзбўямачилик учун қилинган бу ишлар билан уларни кимни алдамоқда? 

Фарғона шаҳри – вилоятнинг юзи. 2021 йил мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, “Истиқлол” ўйингоҳи қаршисидаги янги кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида  24 та туну кун ишлайдиган хизмат кўрсатиш ва савдо объектларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Самимий тилаклар билан уларнинг фаолиятига ривож тиланди. 

Мажмуани ишга тушириш учун 30 миллиард сўмдан ортиқ тадбиркорларнинг маблағлари ҳисобига қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, шундан 5 миллиард сўмдан зиёди 14 фоизли 5 йиллик имтиёзли банк кредити ажратиб берилди. Бу ерда жами 100 дан зиёд доимий иш ўрни яратилди. Хизмат кўрсатиш ва савдо объектларининг барчаси ҳафтада 7 кун, 24 соат аҳолига хизмат кўрсатиши айтилди. 

[gallery-6100]

Албатта, бундай янгилик фарғоналикларни беҳад хурсанд қилгани рост. Аммо бироз вақт ўтдики, бу ердаги объектларнинг аксарияти фаолиятини тўхтатди. 24 соат ишлайди, деган гаплар унутилди, иш ўринларидан эса дарак йўқ. Бугунги кунда бу ерда 5-6 та дўконлар, мактабгача таълим маскани фаолият кўрсатмоқда холос. Кечқурун бу ер зим- зимистон. Очилган пайтда таъмирлаш ишлари якунига етказилмагани учун қурилиш жараёни давом этмоқда. Мана сизга хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг амалдаги ҳолати. 

Янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг алоҳида ўрни бор. Маълумотларга қараганда, Фарғона шаҳрининг асосий ўсиш нуқталаридан бири бу хизматлар соҳаси ҳисобланиб, айни пайтда соҳанинг вилоятдаги улуши 36,7 фоизни ташкил қилади. Шаҳарда иш билан банд аҳоли сони 166 минг кишини ташкил этса, шундан қарийб 83 минг киши ёки иш билан банд аҳолининг 50 фоиздан ортиғи хизматлар соҳасида фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда ҳам соҳани ривожлантириш учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Аммо номигагина очилган объектлардан нима фойда бор. 

Шаҳарга янги тайинланган ҳоким албатта, бу каби кўзбўямачиликка чек қўя олади, деган умиддамиз.  

М. Сулаймонов, ЎзА 
М. Қодиров олган сурат