Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона политехника институтида 79,5 миллион сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди
14:00 / 2021-04-20

Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Фарғона политехника институтида таълим, бюджет ва меҳнат қонунчилиги ижроси аҳволи ўрганилди.

Ўрганиш давомида институт мансабдор шахслари 2019-2020 йиллар давомида 600 миллион сўмдан ортиқ, жуда кўп миқдорда бюджет ва смета-штат интизоми бузилишига йўл қўйиб, ўзларига ишониб топширилган 79,5 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш орқали бюджетга зиён келтиргани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 184-1-моддаси 2-қисми, 167-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ўрганиш давомида қонунчиликка зид равишда қабул қилинган ҳужжатларга нисбатан 9 та протест келтирилган, 9 нафар мансабдор ва масъул ходимга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан киритилган тақдимнома вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи К.Алихўжаев иштирокида институтнинг барча профессор-ўқитувчилари, педагог ходимларининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинди. Унда бу каби қонун бузилиш ҳолатларига келгусида йўл қўймаслик, коррупциянинг олдини олиш борасида изчил, самарали тадбирларни ташкил этиш, таълим сифатини ошириш, малакали ва етук кадрларни тайёрлаш бўйича ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.

 

М. Сулаймонов, ЎзА