Фарғона вилояти тутчилик ва пиллачилик бўйича республикада ўз ўрнига эга. Бугунги кунда вилоятда “Нурли тонг силк”, “Beshariq ipagi”, “Dangara ipagi”, “Silk world business”, “Uchko‘prik ipagi” масъулияти чекланган жамияти, “Водил ипак йигирув” шўъба корхонаси каби олтита пиллачилик кластери фаолият кўрсатмоқда.
Мазкур пиллачилик кластерлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 7,5 миллион АҚШ долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилинган. 2022 йилда вилоятда 39 минг 168 қути ипак қурти тарқатилиб, 2 минг 240,7 тонна пилла ҳосили етиштирилди. 2023 йилда вилоятда 41 минг 187 қути ипак қуртини парваришлаб, 2 минг 389 тонна пилла етиштириш режалаштирилган. Ипак қурти парваришига жорий йилда 97 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Эътиборлиси, вилоятда парваришланадиган ипак қурти уруғлари 2017 йилдан буён “Фарғона тут ипак қурти уруғчилик корхонаси” ва “Марғилон муқобил ипак қурти уруғчилик” масъулияти чекланган жамиятларида тайёрланади. Ушбу корхоналарда жорий йилда 60 минг қути ипак қурти тайёрланиши режалаштирилган. Ипак қуртининг наслли зотлари эса асосан “Фарғона пилла наслчилик” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланади.
– Ипакчиликда озуқа базаси муҳим ўрин тутади, – дейди вилоят “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти бошқарув раиси Мақсуджон Қосимов. – Ҳозирда вилоятимизда 3 минг 692 гектар тутзорлар мавжуд. 275 гектар эскирган тутзорларда режа асосида қайтадан реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Фарғона туманида “Водил ипак йигирув” шўъба корхонасининг ёрдамчи тутчилик хўжалиги мавжуд. Ушбу тутчилик хўжалиги вилоятнинг барча шаҳар-туманларига тут кўчатлари етказиб беради. Жорий йил куз-қиш мавсумида барча шаҳар-туманларда янги интенсив тутзорлар барпо қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, вилоятдаги мавжуд тутзорлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, унинг натижасига кўра вилоятда 3,7 минг гектар тутзор ва 23,8 миллион туп якка қатор тут дарахти мавжудлиги аниқланди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, вилоятдаги мавжуд 3 минг 692 гектар майдондаги тутзорлар 14 минг 771 нафар аҳолига 4 мавсум ипак қурти боқиб, пилла етиштириш имконини бермоқда. Бундан ташқари, тутзор қатор ораларидан иккиламчи фойдаланиш орқали аҳоли даромадларини янада ошириш учун оилавий пудрат шартномаси асосида 10-30 сотихдан бириктириб берилмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Фарғона вилоятида 13 миллион 485 минг дона тут кўчатлари экилган. Айни кунларда 1 миллион 190 минг туп тут кўчатлари экилди ва бу иш давом эттирилмоқда. Ҳар бир туманда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тут кўчатлари экишга бағишланган семинарлар ўтказилмоқда.
М.Сулаймонов,
ЎзА