Бугунги кунда Саноат энергетика гуруҳи таркибидаги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, бу ерда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва янги қурилиш ишлари ҳамда замонавий рақамли технологиялар жорий этиш, лойиҳалаштириш каби қатор ишларнинг амалга оширилаётгани бунга яққол мисолдир.
Яқинда корхонада ишлаб чиқарилган базавий мойлар Европанинг REACH (Registration, Evaluation and Authorization of Chemicals) регламенти процедураси доирасида муваффақиятли рўйхатдан ўтди. Бу каби ютуқлар ҳам заводда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси, дейиш мумкин.
Саноат энергетика гуруҳи бош директори Тўлқин Юсупов ЎзА мухбирига қуйидагича маълумот берди:
– Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш бизнинг асосий мақсадимиз. Шу сабабли, бу борада биз тизимли ишларни амалга ошираяпмиз.
Қувонарлиси, яқинда корхонада ишлаб чиқарилган мойлар Европанинг REACH сифат рўйхатидан ўтди. Бу эса бошлаган ишларимизнинг дастлабки натижаси ҳисобланади.
Европа Иттифоқи регламенти унга аъзо давлатлар ҳудудида барча кимёвий моддаларнинг ишлаб чиқарилиши ва айланишини тартибга солади. У ЕИда ишлатиладиган кимёвий моддалар, шу жумладан, нефть маҳсулотлари учун хавфсизлик паспорти ҳисобланади.
REACH регламентига кўра, рўйхатдан ўтиш базавий мойларни Европа Иттифоқига импорт қилиш ва охирги истеъмолчиларга сотишнинг зарурий шартидир. Европа кимёвий моддалар бўйича агентлиги (ECHA) регламентга риоя этилишини назорат қилади.
Таъкидлаш керакки, Саноат энергетика гуруҳи ва «SEG Motol» компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган базавий мойлар сифатини яхшилаш бўйича комплекс дастурни амалга оширди. Бу эса бизга REACH сифат рўйхатидан ўтиш имкониятини яратди. Европа бозорига фаол кириб бориш, шунингдек, халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган саноат ва автомобиль мойлари линиясини жорий этиш бўйича улкан дастурни амалга ошириш стратегик мақсадимиздир.
Технологик режимларни ўзгартириш, қурилмаларда катализаторларни алмаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш натижасида нефть маҳсулотларини мойларнинг бир қатор хусусиятларига салбий таъсир кўрсатаётган олтингугурт, азот, ароматик углеводородлар ва қатронли асфальт моддалардан тозалаш чуқурлигини ошириш имконини яратди. Хусусан, Европа стандартларига асосан канцероген миқдори, чақнаш ҳарорати, буғланиш ва рангдорлик каби кўрсаткичлар келтирилган.
Европа тартиб-тамойилларидан ўтиш натижасида Фарғона НҚИЗнинг базавий мойлари 150 ва 350 ёпишқоқликдаги SN (solvent neutral) турдаги мойлар учун ECHA талабларига жавоб беради, дея эътироф этилди. Бу эса ФНҚИЗнинг SN-150 ва SN-35 маҳсулотларининг Европа бозорига кириши учун имкон беради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА