ФОТОРЕПОРТАЖ
Кейинги йилларда Фарғона туманидаги ўнлаб маҳаллаларда малиначилик ҳудудни иқтисодий ривожлантириш драйверига айлангани маълум. Ўз навбатида соҳага инновацион ғоялар ҳамда илғор хорижий тажриба кенг жорий этилиши натижасида йилдан-йилга тармоқнинг экспорт салоҳияти юксалиб бормоқда.
Фарғона тумани маркази — Водилдаги бир неча маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли ўз томорқасида малина етиштиришда катта тажриба эга. Мазкур ҳудудда етиштирилаётган табиий шифобахш ва дармондорига бой ушбу резавор мамлакатимизнинг барча ҳудудларига етказиб берилади.
[gallery-23844]
Қувонарлиси, кейинги йилларда туман миришкорлари маҳаллий навлардан ташқари экспортбоп, Европа навларидан ҳам юқори ҳосил ҳамда даромад олишга эришяпти. Ҳозирги кунда ҳудуддаги беш мингдан зиёд шахсий томорқа эгалари ҳамда фермер ва деҳқон хўжалиги ерларида жами минг гектардан ортиқ майдонда етиштирилаётган малина ҳосили дунё бозорларига чиқарилмоқда.
Шу кунларда тумандаги “Алпомиш Хосиятхон” боғдорчилик хўжалигининг 14 гектар ерида малина ҳосили йиғиб олиниб, экологик тоза табиий маҳсулот замонавий гофра қутиларга қадоқланган ҳолда экспортга тайёрланмоқда.
Сифатли маҳсулот етиштириш, малина кўчатларини зараркунанданлардан самарали ҳимоя қилиш ҳамда ҳосилни экспортга тайёрлаш жараёнида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Фарғона туман бўлими инспекторлари яқиндан кўмак бермоқдалар.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА