Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Фарғона иссиқлик электр маркази” модернизация қилинмоқда (+видео)
18:21 / 2025-08-21

“Фарғона иссиқлик электр маркази”нинг асосий фаолият тури саноат корхоналарига ҳамда аҳолига иссиқлик ва 4 та 110 кВ тизимли ҳаво линиялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини узлуксиз етказиб беришдан иборат. Корхонанинг ўрнатилган ишлаб чиқариш қуввати – 244 МВт/соат электр энергияси ҳамда 1165 Гкал/соат иссиқлик энергиясини ташкил этади.

Ишлаб чиқариш қувватлари барқарорлигини таъминлаш ҳамда “Фарғона иссиқлик электр маркази” филиали томонидан 2025-2026 йиллари куз-қиш мавсумида электр ва иссиқлик энергиясига бўлган эҳтиёжни тўлақонли ва барқарор таъминлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар бажарилмоқда.

Жумладан, корхонадаги қозон агрегатлари ва турбоагрегатларда жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, асосий қурилмаларни ўлчаш ва юқори кучланишда синовдан ўтказиш, босим остида ишловчи қурилмаларни таъмирлаш, корхонанинг реле ҳимояси ва автоматикаси, очиқ тақсимлаш қурилмаси ва генераторли тақсимлаш қурилмаси жиҳозларида режали профилактик текшириш ишлари амалга оширилди.

– Қозон, трубина, трансформаторларимиз мукаммал таъмирдан чиқарилди. Аҳоли ва ишлаб чиқариш объектларига узлуксиз иссиқлик ва электр энергиясини таъминлаш бўйича ишлар бажарилди, – дейди “Фарғона иссиқлик электр маркази” бош муҳандиси ўринбосари Умиджон Иброҳимов. – Япониялик ҳамкорлар билан биргаликда БТУ 7-17 мегаВатт қурилмасини ишлатяпмиз. Бундан ташқари, трубина цехимизда 50 мегаВатт қувватли қўшимча трубина модернизация қилиняпти. Бунда биз ортиқча газ сарфини камайтирамиз. Қўшимча 50 мегаВатт электр энергияси ишлаб чиқарамиз. 

Корхонада таъмирлаш билан бирга модернизация ишлари ҳам бир вақтнинг ўзида олиб бориляпти. Ҳозир корхона раҳбарияти бу блокларни замонавий, бугунги кун талабларига жавоб берадиган, дунё меъёрларидаги янги блокларга алмаштиришни бошлашди. Дастлабки блок демонтаж қилинди. Қолганлари ҳам аста-секин олиб ташланади. Уларнинг ўрнига эса газни кам харажат қилиб, катта миқдордаги электр қувватини ишлаб чиқарадиган янги блоклар олиб келиб ўрнатилади. Масалан, бу блоклар 30 мегаВатт электр қуввати ишлаб чиқараётган бўлса, янги олиб келингани камроқ газ ишлатган ҳолда 50 мегоВатт электр энергияси ишлаб чиқаради.

“Фарғона иссиқлик энергия маркази” мамлакатда биринчилардан бўлиб ўзини ўзи қуёш панелларидан олинган электр қуввати билан қоплайдиган корхона мақомини олди. Ҳозиргача бинолар томи, автомашиналар тураргоҳлари, ҳудуддаги бўш майдонларда қуёш панеллари қўйилиб, 3,2 мегоВатт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.

– Биз ишлаб чиқарган электр энергиясини ўзимизнинг хусусий эҳтиёжларимиз учун сарф қиламиз. Ундан ортганини истеъмолчиларга чиқарамиз, – дейди ФИЭМ мутахассиси Алиёр Каримов. – Бунда экологик самарадорлик ва тежамкорликка эришамиз. Бундан ташқари, 20 гектар майдонда қуёш батареялари станцияси қурилишини бошлаганмиз. Бунинг натижасида табиий газ ва электр энергияси тежалади. 

Тежаб қолинган электр қуввати вилоят эҳтиёжига йўналтирилади. Ва шунча миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарфланадиган газдан эса қўшимча энергия олинади. Шундай қилиб, Фарғонада куз-қишда электр энергияси таъминотида барқарорлик учун асослар яратилмоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZsKv3DJ1_Fc" title="“Farg‘ona issiqlik elektr markazi” modernizatsiya qilinmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА