Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона иқтисодиёти барқарор ўсмоқда (+видео)
17:14 / 2026-01-19

Ўзбекистон иқтисодиётидаги юксалишнинг бир неча ҳал қилувчи омиллари бор. Булар, аввало, сўнгги йилларда эркин сиёсат – эркин иқтисод тамойилининг қарор топганидир. Унга кўра, дастлабки босқичда миллий валюта – сўмнинг эркин конвертацияси очилди. Сўнгра тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратилди.

Солиқ ва бошқа имтиёзлар берилди, улар фаолиятини текширувга чекловлар ўрнатилди. Хорижий инвесторларга кенг йўл берилиб, ҳуқуқий кафолатлар қонун ва меъёрий ҳужжатлар билан мустаҳкамланди. Яна бир муҳим воқелик шундаки, энди ўрта ва қуйи давлат идоралари, уларнинг раҳбарлари чет эллик ҳамкасб ва инвесторлар билан тўғридан-тўғри иқтисодий алоқалар ўрнатиш, биргаликда қўшма инвестицион лойиҳалар тузиш ва ишга солиш ҳуқуқ ҳамда имкониятига эга бўлдилар. Натижа эса мамлакат иқтисодиётида йилдан-йилга илдам қадам ташланаётганида ифодасини топмоқда.

Бу каби ўзгаришлар Ўзбекистоннинг иқтисодиёти бақувват Фарғона вилоятида ҳам рўй бераётир. Шу муносабат билан биз вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов билан суҳбатлашдик.

Мухбир: – Дунёнинг Корея, Сингапур, Япония, Хитой каби давлатлари иқтисодиётида ўтган асрнинг иккинчи ярмида кескин сакраш бўлди. Ва буни олим, тадқиқотчилар шу мамлакатларга, кенг қамровли инвестиция жалб этишнинг натижаси, деб ёзганлар. Менимча, Фарғона вилоятида ҳам ҳозир шу каби воқелик рўй беряпти. Масалан 2020 йилда Фарғона вилоятига жалб этилган хорижий инвестиция 322,3 млн. доллар бўлса, 2025 йил якунига кўра 3,7 млрд. доллар, шундан 2,5 млрд. доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган. 5 йилда 8 баробар ўсиш! Сиз буни қандай изоҳлайсиз. Инвестиция миқдорининг кескин ошиши қандай сабаблар билан боғлиқ? Инвесторлар сафидагилар қайси давлатлар? Инвестиция асосан қайси соҳа ва йўналишларга қаратиляпти?

Н.Мамажонов: – 2025 йил Фарғона вилоятининг халқаро ҳамкорлигида жуда самарали йил бўлди. 

2025 йилда 1 281 та (иш ўрни 44 мингта) инвестициявий лойиҳа ишга туширилиб, 3,7 млрд доллар, шундан 2,5 млрд доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Масалан, Учкўприкда Хитойнинг “Yong Xin” МЧЖ ХК томонидан 90 млн доллар бўлган йирик ҳажмдаги кафел маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиб, натижада 75 млн долларлик инвестициялар ўзлаштирилди. Бунинг ҳисобига йиллик 450 млрд сўмлик 29 млн кв метр йирик ҳажмдаги кафел маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ва 700 та юқори даромадли иш ўрни яратилди. Ёки Тошлоқ туманида "VODIY MARHABO" МЧЖ томонидан 15 млн доллар бўлган автоклав газоблок ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиб, натижада йиллик 75 млрд сўмлик 2 млн дона маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва  85 та юқори даромадли иш ўрни яратилди.

Вилоятимиз тадбиркорларидан иборат делегацияларимиз Хитой, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Япония, Қувайт, Германия, Беларусь, Озарбайжон, Малайзия каби 13 та хорижий давлатда бўлиб, 800 дан ортиқ савдо-иқтисодий музокаралар ўтказдик.

Ушбу хизмат сафарлари якуни билан жами 514 та умумий қиймати 8,5 млрд доллар, шундан, 477 та қиймати 8,3 млрд долларлик инвестициявий, 37 та қиймати 239,9 млн долларлик савдо келишувлари имзоланди.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятига жами 344 та хорижий тадбиркор ташрифи натижасида умумий қиймати 1,6 млрд долларлик 341 та инвестиция лойиҳалари ва қиймати 500 млн долларлик 3 та савдо шартномалари юзасидан келишувларга эришилди.

2025 йилда Ўзбекистоннинг 17 та хорижий давлатдаги элчилари билан онлайн учрашувлар ўтказилди, 100 дан ортиқ банддан иборат “йўл хариталари” ишлаб чиқиб, ижроси назоратга олинди. Масалан, биз Австрия, Латвия, Венгрия, Озарбайжон, Германия, Малайзия, Франция, Украина, Туркманистон, Эрон Ислом Республикаси, Япония, Сингапур, Польша, Ўммон, Қатар, Қувайт ва Қирғиз Республикасидаги Ўзбекистон элчилари билан мунтазам ишлаяпмиз.

Мухбир: – Инвестиция борасида 2026 йил режалари қандай? Яна қайси мамлакат тадбиркорлари, компания ва корпорациялари Фарғона вилояти билан ҳамкорлик қилмоқчи?

Н.Мамажонов: – 2026 йилда 1 424 та (иш ўрни 52 мингта) лойиҳани ишга тушириб, 4,2 млрд доллар инвестицияларни ўзлаштириш. Шундан 3,1 млрд доллар хорижий ва 1,1 млрд долларлик маҳаллий инвестициялар жалб этилиб, 2025 йилга нисбатан 1,1 баробарга ўсиш таъминланади. Масалан, Тошлоқ туманида Хитой билан ҳамкорликдаги “Farg‘ona metallurgiya zavodi” МЧЖ ҚК томонидан 120 млн долларлик полимер қопламали рухланган пўлат рулонлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида умумий 100 млн доллар ўзлаштирилади (2025 йилда 40 млн доллар ўзлаштирилди). Қува туманида 26 гектарда Туркиянинг “Heyal Holding” компанияси томонидан 2-босқичли лойиҳа қиймати 350 млн доллар бўлган “Турк махсус саноат зонаси” ташкил этилади, 2025 йил ноябрь ойида қурилишга старт берилди, 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Ёки, Япониянинг “Micado Development” компанияси ("Shogun city" МЧЖ ХК) Фарғона шаҳрида “Янги Ўзбекистон” массивида қиймати 60 млн. долларлик бўлган япон боғи, меҳмонхона, ресторанлар мажмуасини барпо этиш доирасида 17 млн доллар ўзлаштиради. Январь ойида вилоят делегацияси Хитойга хизмат сафарида 48 та умумий қиймати 616,8 млн.доллар, шундан 44 та қиймати 601,8 млн.долларлик инвестиция ва 4 та қиймати 15 млн.долларлик савдо келишувлари ишлаб чиқилмоқда. 

Февраль ойида АҚШга хизмат сафари давомида эса 10 та умумий қиймати 610 млн доллар, шундан 8 та қиймати 609 млн долларлик инвестиция ва 2 та қиймати 1 млн долларлик савдо келишувлари ишлаб чиқилмоқда.     

Мухбир: – Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий имконияти, салоҳияти албатта унинг экспорт имконияти билан баҳоланади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2026 йилда Ўзбекистон экспорт ҳажмини 40 млрд. долларга етказиш зарурлигини айтдилар. Бунда Фарғона вилоятининг улуши қанча бўлади? 2025 йил экспортининг ўзига хос томонлари нимада эди?

Н.Мамажонов: – 2025 йилда 1,1 млрд долларлик, шундан қишлоқ хўжалиги 402 млн доллар, саноат маҳсулотлари 695 млн долларга етказилди (2024 йилга нисбатан ўсиш 1,3 баробар).

Натижада экспорт географияси 67 та давлатни ташкил этиб, 2025 йилга нисбатан 11 та давлатга кенгайди. Улар орасида Мексика, Венгрия, Швеция, Руминия, Алжир, Греция, Словакия, Уммон, Тайланд ва Малдив республикаси бор.

2025 йилда Россия Федерацияси Новосибирск вилоятида “Азия сибирь”, Омск вилоятида “Фрукт Сити” бозорлари, 10 та давлатда (Россия, Ж.Корея, Хитой, Тожикистон, Озорбайжон, Латвия, Литва ва Қирғизистон) 40 та савдо уйлари ташкил этилиб, маҳсулотлар экспорти ҳажмлари кенгайтирилди.

АҚШ ва Европа давлатларига амалга оширилган экспорт ҳажмлари 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар ошиб, 110 млн долларни (2024 йилда 51 млн доллар) ташкил этди.

“Қува-АгроСтар” МЧЖ ҳамда “Sherakhun” МЧЖ томонидан жорий йил октябрь ойидан бошлаб Япониядаги дунёнинг энг йирик ва нуфузли чакана савдо тармоқларидан - АЭОН  ва КОСТКО дўконларида “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида илк маротаба узум ва анор маҳсулотлари сотуви йўлга қўйилди.

AМАЗОН, ВАЛБЕРС, ОЗОН каби халқаро онлайн савдо платформалари орқали вилоят корхоналари 23 млн долларлик маҳсулотларни экспорт қилди.  Шунингдек, вилоятда яратилган madeinfergana.com онлайн савдо платформаси орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотларини халқаро бозорга кенг тақдим қилиш ишлари бошланган.

2026 йилда 1,6 млрд долларлик. шундан қишлоқ хўжалигини 500 млн доллар, саноат маҳсулотларини 1,1 млрд долларга етказиш бўйича режалар белгилаб олинган.

Бу йил Хитой давлатига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (гилос, ўрик, олхўри, қуритилган мевалар, узум данаги, аччиқ ва ширин мағиз, мош) экспорт ҳажмлари 4 баробарга оширилади.

АҚШ, Япония, ЕИ бозорларига экспортни ошириш мақсадида 32 та қишлоқ хўжалиги, саноат ва озиқ овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 40 та сертификат оламиз, 8 та давлатда (Америка, Польша, Германия, Афғонистон, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ва Япония давлатларида) янги савдо уйлари ва омборларини очамиз.

Юқоридаги “савдо уйи” очиладиган давлатлар ҳисобига экспорт қилинадиган маҳсулотлар тури 46 тага, экспорт ҳажми 1,35 млрд. долларга етказилиши таъминланади.

Мухбир:– Халқаро рейтинг агентликлари ҳам Фарғона вилоятидаги кредит рейтингини баҳолашда ижобий хулосалар бермоқда. Бу борадаги ишлар ҳам давом этса керак?

Н.Мамажонов: – 2025 йилда халқаро “S&P Global” рейтинг агентлиги Фарғона вилоятининг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтингини икки марта яхшилаб, сўнгги марта ноябрь ойида “Б+” даражадан "ББ-"га кўтарди ва барқарор ўсишни прогнозлаштирди. 

Бундан ташқари, “Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги билан вилоят рейтингини олиш бўйича музокараларимиз жадал кетмоқда, 2026 йил 1-чораги якунида ушбу рейтингни олишимиз кутиляпти.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/t_iuuDs1fww" title="Farg‘ona iqtisodiyoti barqaror o‘smoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА