“Фарғона иссиқлик электр маркази” АЖ бундан 60 йил аввал ишга туширилган бўлиб, унинг электр энергия ишлаб чиқариш қуввати соатига 305 МВтни ташкил этади.
Шу билан бир қаторда, марказ орқали истеъмолчиларга иссиқлик қуввати, буғ ҳамда иссиқ сув етказиб берилади.
Бугун бу ерда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг замонавий ва самарадор технологияларини босқичма-босқич татбиқ қилиш, ёқилғи-энергетика ресурсларини рационал ишлатиш ҳамда самарадорлигини ошириш, ҳудуднинг саноат салоҳиятини ривожлантириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Фарғона ИЭМ ҳудудида ва Фарғона шаҳар қозонхонаси РК-3 да юқори самарали когенерацион газ трубина қурилмалари технологиясини татбиқ этиш чоралари тўғрисида”ги қарори асосида 17 МВт қувватли юқори самарали когенерацион газ турбина технологияларини жорий этиш бўйича инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 83, 6 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан Япония давлатининг грант маблағлари 49,5 миллион АҚШ доллари, қолган 34,1 миллион АҚШ доллари “Фарғона ИЭМ” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобланади.
Пандемия шароити бўлишига қарамай, пудратчи ташкилот ходимлари ҳам, корхонанинг ўз ходимлари ҳам карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда қурилиш майдонида меҳнат қилмоқда. Бундан асосий мақсад эса мазкур қурилмани имкон қадар тезроқ, яъни йил якунига қадар қуриб битказиб фойдаланишга топшириш ва корхона олдига қўйилган режани ўз вақтида бажаришдан иборат.
Лойиҳа кўмагида Фарғона шаҳридаги Қиргули ҳамда А.Қодирий мавзеларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш янада барқарор тус олади ва шаҳарда электр энергиясига бўлган танқислик даражаси пасаяди. Шунинг баробарида ёқилғи энергетика ресурсларини тежаш имконияти кенгаяди.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозир асосий қурилмалар Япония гранти асосида етказиб берилмоқда. Бошқа бутловчи материаллар, қўшимча агрегат ва қурилмалар маҳаллийлаштириш дастури асосида миллий ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулоти ҳисобланиб, ушбу йўналишда йирик миқдордаги валюта тежамкорлигига эришиляпти.
– Бунёд этилаётган янги қурилма ўта тежамкор технология бўлиб, юқори самарали газ-буғ турбинаси ҳисобланади. Ҳар бир МВт электр ва иссиқлик ишлаб чиқаришда 50 фоиз табиий газ сарфи иқтисод қилинади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш Фарғона водийси ҳудудида ишлаб чиқариш қувватларининг ошишига олиб келади ва корхонага ҳар йили қўшимча 197,04 млн. КВт соат электр энергияси ҳамда 214,08 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имкониятини беради – деди “Фарғона ИЭМ” АЖ техник директори Баҳодир Нуриддинов.