Ўзбек миллий журналистикасида Фарғона матбуотининг муҳим ўрни бор. Соҳада катта мактаб яратган отахон нашр-“Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталарининг илк сони чоп этила бошлаганига 105 йил тўлди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими газеталар таҳририяти билан ҳамкорликда мазкур санага бағишлаб “Матбуот уйи”да ташкил этган тадбирда газетада узоқ йиллар ишлаган фахрий журналистлар, жамоа аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Дониёр Ғаниев, Гулбаҳор Саидғаниева, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Иброҳимжон Ҳалимбеков газетанинг тарихи ва бугунги фаолияти хусусида сўз юритди.
Босма матбуотнинг таъсирчан кучи фарғоналик журналистларнинг фаолиятида яққол кўринаётганлиги қайд этилди. Бир гуруҳ фахрий журналистлар ва таҳририят ходимларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Қайтарилмас хотираларни эслаш ва бугунги кун муаммолари ҳақидаги суҳбатлар бир пиёла чой устида давом этди.
[gallery-9150]
Дарҳақиқат, Фарғона журналистикасига тамал тоши қўйган газета бир асрдан ортиқ давр мобайнида матбуотнинг жамият ҳаётидаги ўрнини кўрсата олди. Унинг ҳар бир сонини варақлар экансиз, ўткир ва таҳлилий мақолаларнинг гувоҳи бўласиз, суратлар эса тарихдан сўзлайди. Газетанинг ҳар бир сони янгидан “туғилади”, саҳифалардаги барча нарсалар ўзгаради, ҳатто даврлар силсиласида унинг номи ҳам. “Эл байроғи”, “Меҳнат байроғи“, ”Фарғона”, “Янги Фарғона”, “Коммуна”, “Фарғона тонги”, “Олтин водий” ва ниҳоят “Фарғона ҳақиқати”.
Бироқ биринчи саҳифа аввалида “Газета 1917 йил 14 октябрдан чиқа бошлаган” деган жумла 105 йилдан буён ўзгармай туради. Нашрнинг биринчи сонини тайёрлаган журналист ҳам, бугунги 24681-сонини чоп этишга имзо чеккан навбатчи муҳаррир ҳам бу жумлага бирров кўз ташлаган.
Газета ўз тарихида қанчадан-қанча воқеалар, талотўплар, зуғумларни бошдан кечирди. Шодумон кунларни, ташвишли онларни ҳам кўрди, адади 100 000 тадан ошган, 2000 тага тушиб қолган вақтлар ҳам бўлди. Лекин яшашда, газетхон билан юзма-юз бўлишда, хонадонларга янгиликларни орқалаб кириб боришда давом этди.
Бу муқаддас даргоҳда не-не алломалар, дунёга довруғи кетган ёзувчи-шоирлар, маҳоратли журналистлар ишламаган дейсиз. Акмал Икромов, Назиржон Тўрақулов, Ҳамза Ҳакимзода, Сўфизода, Абдулла Қодирий, Собир Абдулла, Абдулла Қаҳҳор, Комил Яшин, Усмон Носир, Акмал Пўлат, Адҳам Раҳмат сингари эл ардоғидаги инсонлар таҳририятда жонбозлик кўрсатган.
Газетанинг ижодий анъаналарини Абдулла Мирзаев, Воғиз Музаффаров, Адҳам Ҳамдам, Шерали Тошматов, Дониёр Эргашев, Охунжон Ҳакимов, Йўлдош Сулаймон, Малика Мирзаева, Комил Жўра, Анвар Юнусов, Адҳамжон Каримов, Алишер Ибодинов, Маҳфуза Усмонова ва бошқа юзлаб ижодкорлар давом эттирган. Ҳозир республика ва вилоят газета-журналларида, радио, телевидение, интернет нашрларида ижод қилаётган журналистлар, уларни номма-ном айтиб адоғига етиб бўлмайди, шу даргоҳ мактабида ўқиганлар.
Бугун ҳам белни маҳкам боғлаб, халқ хизматига шай турган газета ижодий жамоаси мамлакатимизда, вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, халқимизнинг бой тарихи ва маданияти, турмуш даражаси, мустақиллик неъматлари, саноат, қурилиш, пахтачилик, ғаллачилик ва бошқа соҳаларда эришилган ютуқларни кенг тарғиб қилиш орқали Фарғона шуҳратини юксалтиришга, вилоятинг шонли тарихини яратишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Бир асрни ортда қолдирган нашр ўз даврида “Ҳурмат белгиси” ордени, “Олтин қалам” халқаро мукофотига сазовор бўлган. Таҳририят журналистларидан 4 нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони, 19 нафари орден ва медаллар билан тақдирланган. Бир нафар журналист СССР Олий Мажлиси, мустақиллик йиллари эса 3 нафар журналист Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланган.
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат