Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ бугунгача Фарғона вилоятида ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларидан 1045 та объектга қуёш панеллари ўрнатилиб, унинг қуввати 13,6 мВт га етди. Бундан ташқари 3436 та хонадонга эса 5,9 мВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.
Хўш, у нима бермоқда?
Фарғона шаҳридаги Шаршара маҳалласи, Шаршара кўчасида истиқомат қилувчи Нодирбек Собиров хонадонидамиз. Ҳовлидаги уйларнинг бири томига 19,6 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи қуёш панеллари ўрнатилган. Хонадонда барча турдаги электр истеъмоли жиҳозлари бор ва улар узлуксиз ишлаб турибди. Нодирбекнинг айтишича, илгари электр учун ойига 500-600 минг сўмгача тўлаб келган. Энди эса...
–Кондиционер, совуқхоналарни керагича бемалол ишлатяпмиз. Қуёш панелимиз ишлаб чиқарган энергиядан ҳар куни ўртача 60-70 кВт соатлигини давлатга сотяпмиз, – дейди Нодиржон Собиров. –Бу ҳар куни оиламизга 50-60 минг сўм фойда келяпти.
Тинчлик маҳалласидан бўлган Мирзамахмуд Аҳмадалиев эса ҳисоб-китоби пухта оила бошлиқларидан бири экан. Унинг хонадонида ёритиш чироқларидан ташқари иккита кондиционер, совуқхона, тефал, дазмол, сув насослари ишлаб турибди. Бундай бемалолчиликнинг сабаби – қуёш панеллари ўрнатилганида.
– Гибрид тизимидаги 3 кВт соатлик қуёш панели ўрнатдим. Унинг аккумулятори бор. Давлат таъминотидаги электр узилса, аккумуляторлар 12 соатгача хонадонимизни электр билан таъминлайди, – дейди Фарғона шаҳридаги Тинчлик МФЙ фуқароси Мирзамахмуд Аҳмадалиев. – Ҳар куни оилада ишлатганимиздан ташқари 100 кВт электр энергия сотяпман.
Ҳа, сиз тўғри эшитдингиз. Хонадон соҳиби энди электр истеъмолчисигина эмас, балки уни ишлаб чиқарувчи ва сотувчидир.
–“Солиқ.уз” иловаси бор. Унда “Қуёшли хонадон” деган бўлими бор. Унга пластик картам рақамлари киритилган бўлиб, ҳар ойда давлатга сотган электр энергиямнинг пули келиб тушади, – дейди Мирзамахмуд Аҳмадалиев.
Шундай қилиб, хонадонга уч йиллик кредит асосида 70 млн сўмлик қуёш панеллари ўрнатилган эди. Натижада оила бепул электр энергиясига эга бўлди, кредитни эса ортиқча энергияни сотиб узишмоқда.
–Ўрнатган қуёш панелларининг афзаллиги шундаки. Хонадонни электр энергияга бўлган эҳтиёжи бепул қопланади ва ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергияни сотиб давлатдан пул оляпмиз. Буни ҳар бир хонадонда қўллаш имконияти бор.
Бу гаплар эртак эмас, бугуннинг ҳақиқати.
Тадбиркор ҳам ҳар сўмни юз бор хисоблайди.“KAMRON POYABZAL” оилавий корхонасида мавсумга қараб 50тадан 300 тагача ишчи меҳнат қилади. Оила бошлиғи Нурматжон Абдуллаев аввал иқтисод, кейин сиёсат, дегувчилардан.
–512 та панеллар ўрнатганмиз. У соатига 280 кВт электр энергияси ишлаб чиқаради, –дейди “KAMRON POYABZAL” оилавий корхонаси раҳбари Нурматжон Абдуллаев. –Илгари ҳар ойда ишлатилган электр учун 25-30 миллион сўмгача пул тўлар эдик. Энди бир сўм ҳам тўламаймиз. Қолаверса фойда ҳам кўряпмиз.
Ойига 20-30 млн сўм электрга тўлаш қаерда-ю, текин энергия қаерда. Бугун у бошлиқ каттагина оилавий корхона юз фоиз қуёш панелларидан олинган қувватлар билан ишлаяпти. Тўғри 512 та панел ҳам арзон эмас. Лекин Нурматжоннинг айтишича, унинг ҳаражати узоғи билан 2 йилда қопланади ва келгуси йиллар учун бу панеллар ҳам, унинг энергияси ҳам тўлиғича текинга қоладида. Буни кўрган қўни қўшнилар аллақачон ғимирлаб қолганлар.
–Тадбиркорлар келиб кўриб кетишяпти. Ёнимиздаги иккита тадбиркор: бири 130,иккинчиси 230 кВт соатлик қуёш панеллари қўйди, – дейди Нурматжон Абдуллаев. –Биз энди бу борадаги тажрибамизни бошқа тадбиркорлар орасида тарғиб қиляпмиз.
–Фарғона шаҳридаги 560 та ижтимоий соҳа обектлари ва тадбиркорлик субектларига қуёш панеллари ўрнатилган. Уларнинг қуввати 10 МВт ташкил қилади, – дейди Фарғона шаҳар электр таъминоти корхонаси бош мутахассиси Дониёр Валижонов. –121 та аҳоли хонадонларига ҳам қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб. Уларнинг қуввати 0,4 мВтга тенг. Ҳисоб китобларимизга кўра 6 ой давомида Фарғона шаҳрида қайта тикланувчи электр манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергия 24 миллион кВтни ташкил қилади.
Агар Фарғона вилоятида қуёш панеллари шундай тезликда қўйилаверса, ишонинг, йил охирига бориб давлат таъминотидаги электр қувватларига эҳтиёж анчайин пасаяди ва ҳатто қишнинг чилласида ҳам таъминотда узилишлар бўлмайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xKHS_IRqY6w" title="FARGʻONA: HAMMASI QUYOSH PANELI TUFAYLI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов Тасвирчи: Элёр Олимов