Фарғона филармониясида Симфоник оркестр ва Миллий чолғу ансамбли ташкил қилинади
Қувада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш давом этмоқда.
Йиғилишда вилоятда маданий тадбирларни кўпайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Маданият вазирлигига Фарғона филармониясида Симфоник оркестр ва Миллий чолғу ансамблини ташкил қилиш топширилди.
Ушбу оркестр ва ансамбль сайёҳлар энг кўп келадиган Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Риштон, Қува ва Фарғона туманларида ҳафталик концертлар ўтказади.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида янги ташкил бўлаётган “Эко шаҳар”да мусиқа мактабини ташкил қилиш бўйича таклиф киритишга кўрсатма берилди.
Умуман, бугун Фарғона учун яратилаётган шароитлар камида 10 миллиард долларлик инвестицияга замин бўлаётгани таъкидланди.
ЎзА