Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона: эзгу мақсадларнинг амалий самаралари
12:17 / 2023-02-03

Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи халқимиз томонидан доимо илиқ кутиб олинади, сабаби аҳоли ҳаёти билан танишилади, кўплаб лойиҳалар, ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини бошлайди. Натижада фуқароларимиз иш ўрнига эга бўлиб, бандлиги таъминланади. Президентимизнинг Фарғонага ташрифи самарали бўлди, десак янглишмаймиз.

Фарғона вилоятида сўнгги йилларда барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришилаётганини яққол кўриш мумкин. Биргина хизмат соҳасининг ўзида ўтган йилда 3,3 триллион сўмлик 1 минг 611 та лойиҳалар ишга туширилди. Ҳудудий корхоналар томонидан 786,4 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.  

Бу галги Президентимизнинг Фарғонага ташрифи доирасида Қўштепа туманидаги “Global textile infinity” кластерининг тўқимачилик корхонаси ишга тушди. Бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг Rieter machine works ускуналари ўрнатилди. Мазкур корхонада 3 минг нафарга яқин ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланади.  

Яқин йилларда ҳам Қўштепа тумани қизил ҳудудга киритилиб, иқтисодий кўрсаткичлари паст бўлган эди, эндиликда эса туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1 триллион сўмдан ошди.  

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида “Art soft ceramics” йирик ишлаб чиқариш корхонаси йилига қарийб 3 миллион квадрат метр керамогранит маҳсулотлар тайёрлаш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда 350 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоиз бўлгани боис товарлар хорижникидан анча арзон нархларда бозорга чиқарилмоқда. Шунингдек, уларнинг 35 фоизи Россия, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида бир вақтлар ўзининг чинни маҳсулотлари билан дунёга донғи таралган Қувасой шаҳрининг янги истиқболини белгилайди.  

Умуман олганда, Фарғона вилоятининг қайси туманига борманг, ўзига хос ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик йўналишлари, саноат ривожланиши ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, боғдорчилик ривожланганлигига гувоҳ бўласиз. Мисол учун, Қува ўзининг анорлари билан дунёга донг таратган бўлса, Олтиариқ шириндан шакар узумлари билан машҳур. Кўҳна Марғилонда эса ипакчилик саноати ривожланган.  

Водийнинг гавҳари Марғилон қадимий шаҳарлардан биридир. Марғилонда ҳунармандчилик IХ асрдан бошлаб кенг тарқалган. Марғилон тарихда ҳунармандлар шаҳри сифатида ҳам донг таратган. Хитойликлардан ипак етиштиришни ўзлаштириш ва уни дунёга ёйиш ҳам ана шу шаҳар тарихи билан боғлиқ. Бу ерда тайёрланган ипак матолар нафақат юртимизда, балки дунё бозорларида ҳам ниҳоятда эъзозланади. Дарвоқе, тўқимачилик ва ипак тўқиш саноати - дастгоҳлар ҳам илк бор шу шаҳарда пайдо бўлган. Бу ерда ҳунарнинг бирор тури йўқки марғилонликлар шуғулланишмаган бўлсин. Марғилонлик ҳунармандлар тайёрлаган гўзал, бежирим, дидингизга мос буюмларини, матоларини кўраман десангиз шаҳар кўчалари, бозорларидаги расталарни бир-бир айланинг. Ана шунда ниҳоятда чиройли, миллий анъаналар асосида тўқилган адрас, банарос, беқасам, атлас, шойи, духобаларнинг ўнлаб хиллари кўз олдингизда намоён бўлади. Халқимизнинг ижодкорлиги, яратувчилигига тан берасиз. Марғилон шаҳридаги “Олтин ипак карвонсаройи” туристик маркази янги иншоотлардан бири. Бу маскан ўзбек ҳунармандчилигини жаҳонга тарғиб этиш, сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Мажмуанинг биринчи қаватида гиламдўзлик, каштачилик, мисгарлик каби халқ ҳунармандчилиги хоналари жойлашган.  

Президентимиз мазкур туристик марказда бўлиб, у ердаги ҳунармандларимизнинг меҳнатига юксак баҳо берди.  

Бугун фарғоналиклар улкан мақсадлар, эзгу ниятлар билан меҳнат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ташриф доирасида белгилаб берилган вазифалар янги имкониятлар эшигининг очилишига, инвестицияларнинг кириб келишига ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилиб, аҳолининг турмуши даражаси ошишига замин яратади.  

 

Дилбар Мамажонова,  

Олий Мажлис Қонунчилик  

палатаси депутати