Жаҳон бозори мисоли пойга. Ким эпчиллик қилса, оти чопқир бўлса, омад ҳам унга боқади.
Фарғона вилоятида шу йилнинг саккиз ойида 555,6 млн. долларга тенг экспорт амалга оширилди. Сўнгги йилларда Россия минтақалари билан тўғридан-тўғри иқтисодий алоқаларнинг йўлга қўйилиши, қўшимча лойиҳалар амалга оширилгани ўз натижасини кўрсатди. Вилоят экспортининг 46,2 фоизи Россияга тўғри келмоқда. Айни чоқда Хитойга экспорт ҳажми 27, млн.доллар бўлиб, вилоят умумий кўрсаткичининг 4,9 фоизини ташкил этган. Хитой Фарғона вилоятига киритаётган инвестиция кундан кунга ўсиб бораяпти. Аммо бу юртга ҳатто қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобидан ҳам экспорт ҳажмини ошириш имкониятлари бор.


Ажойиб натижа шуки, Афғонистон Республикасига Фарғонадан юборилаётган озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари ҳажми тобора ошиб бораяпти. Ўтган даврдаги вилоят экспортининг 6,4 фоизи Афғонистон ҳисобига тўғри келди. Бунда Қўқон эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган корхоналарнинг улуши катта. Асосан оёқ кийими, ун, тўқимачилик маҳсулотари экспорт қилиняпти, – дейди Қўқон ЭИЗ раҳбари Фаррух Раҳмонов. – Яқинда тадбиркорларимиз Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида очилган “Айритом халқаро савдо маркази” да ўз дўконларини ташкил этдилар. Айниқса, бизда ишлаб чиқарилган велосипед, скутер ва бошқа ҳаракат воситаларига афғонистонлик тадбиркорлар томонидан қизиқиш катта.
Ҳа, юрган, югурган манзилга тезроқ етади, дейишади. Энди Афғонистон Фарғона вилоятига тобора яқинлашмоқда.


Муҳаммаджон Обидов, ЎзА