Мамлакатимизда кўплаб соҳалар билан бир қаторда олий таълим соҳасини ҳам ривожлантириш учун катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, хорижий мамлакатлар таълим муассасалари билан алоқаларни ўрнатиш борасида амалий ишларга киришилган. Бу эса илғор таълим стандартларини жорий этиш, тажриба алмашишда муҳим самара бераётир.
Фарғона давлат университети 4 йил давомида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида дунёнинг 70 дан ортиқ ривожланган мамлакатлари нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрната олди. Эндиликда ушбу халқаро ҳамкорлик географияси янада кенгайиб, уларнинг сафига Россия Федерациясининг Кубан давлат аграр университети қўшилмоқда. Фарғона давлат университетининг мевачилик ва сабзавотчилик кафедраси бу борада илк қадамларни ташлаган ҳолда дастлабки таъсис йиғилишини ўтказди.

Биринчи маротаба Кубан университети билан ўтказилаётган халқаро илмий мулоқот видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Мазкур мулоқотнинг бош мақсади — университетлар ўртасида илмий соҳада ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма илмий тадқиқотларни ташкил этиш, аспирантлар, университет профессор-ўқитувчиларининг илмий стажировкаларини амалга ошириш, қўшма нашрлар чоп этиш, талабалар академик алмашинувларини жорий қилиш, магистратура ва аспирантура дастурлари бўйича ҳамда масофавий ўқитишда истиқболли ҳамкорлик олиб бориш каби юксак режаларни кўзлаганлиги билан аҳамиятлидир.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, янги ҳамкор — Кубан давлат аграр университети қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Россияда етакчи ва энг йирик олий таълим даргоҳидир.
Мулоқот давомида икки ҳамкор олий таълим муассасасининг профессорлари айнан мана шу вазифалар тўғрисида муҳокама олиб бордилар.

Россия Федерацияси мева ва сабзавот етиштиришда, боғдорчилик ва узумчилик соҳасида пешқадам давлат сифатида ўзининг узоқ йиллик кучли тажрибаси ва юксак илмий салоҳиятига эга. Ушбу тажрибаларни ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонда ҳам кенг оммалаштириш, ўрганиш, тадқиқ қилиш барча учун манфаатлидир.
Видеоконференция сўнгида Кубан давлат аграр университети ва Фарғона давлат университети ўртасида ҳамкорлик шартномасининг имзоланиши ушбу манфаатларнинг тасдиқномаси бўлди. Зеро, ҳар қандай халқаро алоқалар моҳиятида ҳам ютуқлар алмашинуви, ривожланиш сари бутун жаҳон оммаси билан тенг ҳаракат қилиш, бу орқали халқнинг фаровон турмушини таъминлашдай эзгу мақсадлар мужассамдир.
М. Сулаймонов, ЎзА