Фарғона давлат университети 2025 йилги UI GreenMetric World University Rankings халқаро рейтинги натижаларига кўра дунёнинг энг барқарор олий таълим муассасалари қаторидан муносиб ўрин эгаллади.
Мазкур рейтингда жаҳоннинг 105 давлатидаги 1 745 та университет иштирок этган бўлиб, университет умумжаҳон рейтингида 327-ўринни қўлга киритди.
Халқаро йўналишлар кесимида Фарғона давлат университети энергия ва иқлим ўзгариши йўналишида 36-ўринни, таълим ва илмий тадқиқотлар йўналишида эса 79-ўринни эгаллаб, юқори натижалар қайд этди. Бу кўрсаткичлар университетнинг экологик барқарорликни таъминлаш, таълим сифатини ошириш ва илмий салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини яққол намоён этмоқда.
Айни пайтда, 2025 йилги UI GreenMetric рейтингига Ўзбекистондан 79 та олий таълим муассасаси киритилган бўлиб, Фарғона давлат университети республика олий таълим муассасалари орасида 2-ўринни эгаллади. Шунингдек, университет миллий рейтинг кўрсаткичлари бўйича энергия ва иқлим ўзгариши йўналишида 1-ўринни, таълим ва илмий тадқиқотлар йўналишида эса 2-ўринни қўлга киритди.
Қайд этиш жоизки, ушбу натижалар Фарғона давлат университетида барқарор ривожланишга қаратилган сиёсат, иқлим ўзгаришига қарши самарали чора-тадбирлар, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ҳамда “яшил кампус” инфратузилмасини шакллантириш борасида олиб борилаётган изчил ишлар натижасидир. Университет жамоасининг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда муносиб эътироф этилмоқда.
Фарғона давлат университетининг бундай ютуқлари мамлакат олий таълим тизимининг халқаро нуфузини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва инновацион ривожланишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА