French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона биринчи тинчлик форуми (+видео)
16:57 / 2025-10-15

2025 йил Фарғона водийси аҳолиси ҳаётида унитилмас тарихий воқеаларга бой бўлди. Март ойида Сўғдда уч қўшни давлат раҳбарлари учрашиб “Дўстлик декларацияси”ни имзоладилар. Давлатлараро чегаралар бўйича келишув қабул қилинди. Сувдан фойдаланиш муаммолари юзасидан якдилликка эришилди.

Натижа узоқ куттирмади. Ўзаро савдо айланмаси 2025 йилнинг шу даври кўрсаткичи 2024 йилникидан бир ярим баробарга ўсди.

Фарғона қадим-қадимдан Шарқ ва Ғарбни туташтирувчи минтақа сифатида сиёсат ва иқтисодда муҳим ўрин тутган. Аммо XXI асрнинг дастлабки ўн йиллигига келиб давлатлараро чегаралар деярли ёпилди. Ижтимоий вазиятдаги барқарорлик йўқолиб, ўрнини хавотир эгаллади. Ҳолат шу даражага етдики, икки давлатда яшовчи яқин қариндошлар бир-бирининг тўй, ҳатто азасида қатнаша олмади.

– Фарғона водийси портлаш даражасига келганди, – дейди Сўғд вилояти раиси Ражаб Аҳмадзода. – Хайриятки, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон сиёсий иродаси туфайли ҳаммасига чек қўйилди. Азалий дўстлик тикланди. Ҳамкорлик шаклланди. Бугунга келиб Сўғд вилоятининг Фарғона водийси вилоятлари билан товар айланмаси 400 млн.долларга кўпайди. Биз дўстлик, ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрмиз. Фарғона биринчи тинчлик форуми ана шу ғояга хизмат қилишига ишонаман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Фарғона биринчи тинчлик форумини очар экан “биз бугун янги тарихни ёзяпмиз. Фарғонадаги форум янги фалсафа, минтақадаги янги муносабатлар, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик овози бўлиб қолади” деди. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Фарғона биринчи тинчлик форумида уч давлатнинг водийдаги вилоятлари етакчилари, ўттиздан зиёд мамлакат сиёсатчи, эксперт ва маъмурлари, олимлар, энг нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари қатнашмоқда.

[gallery-25746]

– Дунё давлатлари ўртасида катта сиёсатда ўзаро ишонч йўқолиб бораётган бир пайтда Фарғонада биринчи тинчлик форумини ташкил этган Ўзбекистон тинчлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида самарали ишларни амалга оширяпти, – дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе. – У давлатлараро тортишув, келишмовчиликларни мунозаралар орқали ҳал этмоқчи ва бунга эришмоқда ҳам. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистоннинг бу йўлини қўллаб-қувватлайди.

Форум минбаридан давлатлараро муносабатлардаги айрим муаммолар ҳам айтиб ўтилди. Чегарадаги инфратузилмаларга инвестиция киритишдан то халқ дипломатиясини ривожлантиришгача бўлган масалалар юзасидан фикр алмашдилар. 

Форум ишида иштирок этаётган Европа, Осиё, Африка, Америка қитъаси вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари тинчлик ғоясини қўллаб-қувватладилар. 

– Фарғона водийси, жумладан, Қирғиз Республикаси Боткен вилоятининг муаммолари ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тинглай олиш ва ишониш туфайли бартараф бўлмоқда, – дейди Қирғизистон Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Айбек Шаменов. – Бу борада бизга қўшни, ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилотлар катта ёрдам кўрсатди. Фарғона тинчлик форуми доимий бўлиши тарафдоримиз. Чунки у ўзаро мулоқотнинг ишончли майдони сифатида юзага чиқди.
Фарғона биринчи тинчлик форуми ўз ишини давом эттирмоқда.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nGLvsn6l0Jo" title="Farg‘ona birinchi tinchlik forumi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА