Ўзбек журналистикаси ривожида ўткир қалам соҳиби бўлган аёлларнинг ўрни катта. Фарғона вилояти оммавий ахборот воситаларида узоқ йиллар фидойилик билан хизмат қилган, замоннинг энг долзарб мавзуларини кенг омма муҳокамасига қўйган ва муаммолар ечимига эришган Маъмурахон Абдураҳимова, Хадичахон Каримова, Зуҳра Алиева каби устозлар, улар изидан бораётган Маҳиёра Бойбобоева, Гулноза Эргашева, Дурдона Ғаффорова каби иқтидор эгаларини алоҳида эътироф этиш лозим.
Телерадионинг Дилором Раҳимова, Гулнора Ғиёсова, Шаҳноза Саиджонова каби журналистларини бугун вилоятда барча танийди. Улар машаққатли касбни қисматим дея қабул қилиб яшаяптилар.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими 8 март – халқаро-хотин қизлар байрами арафасида “Фарғона атиргули – 2026” ижодий танловини эълон қилган эди. Унга 32 та журналистнинг 181 та ижодий иши келиб тушди. Шунинг ўзи ҳам аёл журналистлар жамиятнинг қанчалар фаол вакиллари эканини кўрсатади.
Ғолибларни тақдирлаш тадбири катта тантанага айланди. Унда Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида фаолият олиб бораётган журналистлар ҳамда ҳокимлик, вилоят идоралари ахборот хизматлари аёл раҳбарлари иштирок этдилар.
Ғолибларни Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов табриклади ва ижодий муваффақиятлар тилади.
– Фарғонага келиб баҳор келганини сездим, – дейди Ўзбекистон Медиа бирлашмасининг раиси, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа. – Бугунги тадбир Фарғона водийси журналистларининг муҳитини кўрсатди. Микрофон ушлаб тасвирга тушириш, монтаж қилиш, газета чиқариш бу журналист учун катта меҳнат ва масъулият талаб қилади. Шунинг учун биз аёлларни алоҳида қадрлашимиз керак. Гап совғада эмас, меҳрда, муносабатда. Мен буни бугун Фарғонага келиб кўрдим.
Тадбир Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими томонидан ижтимоий тармоқларда онлайн транслация қилинди. Бундан хабар топган Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ва таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ташкилотчилар билан онлайн боғланиб, Фарғона водийси ижодкор аёлларини байрам билан табриклашди.
Шундан сўнг уларга “Фарғона атиргули – 2026” танловининг ғолиблик дипломи, кўкрак нишони ва статуеткаси тантанали равишда топширилди. Улар орасида журналистика соҳасининг фидойи ва захматкаш иқтидор эгалари бор эди.
[gallery-27955]
– Мукофот мен учун кутилмаган бўлди. Бундан жуда ҳам хурсандман, – дейди “Фарғона атиргули–2026” танлови ғолибларидан бири Рухсор ТРК мухбири Феруза Баҳромова. – Бу мукофот мени ва жамоамни руҳлантиради, ўз соҳамизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди. Албатта, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида янги- янги лойиҳаларни амалга оширамиз.
– Замон қанчалар шиддатли бўлмасин, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат халқига ва парламентга мурожатида аёлларни қўллаб қувватлаш, уларнинг қадр- қимматини оширишга алоҳида эътибор бердилар, – дейди Фарғона вилоят ТРК мухбири Шаҳноза Саиджонова. – Вилоятимиз аёлларига ҳар жиҳатдан эътибор юқори даражада. Буни журналистика соҳасида ҳам кўриш мумкин. Бу мукофот менга катта куч беради ва шижоат билан ишлашга ундайди.
Шу ерда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига янгидан қабул қилинган аёл журналистларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xlUMVgPL2pc" title="Farg`ona atirguli – 2026” tanlovi g`oliblari taqdirlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео,сурат), ЎзА