Фарғона давлат университети "QS Stars" халқаро рейтинг тизимида умумий 4 юлдузли “Rated for Excellence” (“Аъло даражадаги университет”) баҳосини қўлга киритди. Бу натижа нафақат университет жамоасининг фидокорона меҳнатини, балки мамлакатимиз олий таълим тизимининг халқаро майдонда нуфузи ортиб бораётганини ҳам намоён этди.
"QS Stars" дунёдаги энг нуфузли рейтинг тизимларидан бири бўлиб, университетларни 50 дан ортиқ мезонлар асосида баҳолайди. Фарғона давлат университети таълим сифати, инфратузилма, бошқарув ва битирувчиларнинг бандлиги йўналишларида энг юқори – 5 юлдузли кўрсаткичга эришди.
Таълим сифати бўйича университетдаги дастурлар халқаро стандартларга мослаштирилган бўлиб, замонавий педагогик технологиялар жорий этилган. Инфратузилма соҳасида рақамли кутубхона, замонавий лабораториялар ва спорт мажмуалари таълим жараёни самарадорлигини таъминламоқда.

Бошқарув тизими очиқлик ва стратегик режалаштиришга асосланган бўлиб, самарали менежмент университетнинг барқарор ривожланишини таъминламоқда. Битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги ҳам юксак баҳоланди.
Рейтинг натижаларига кўра, университет ижтимоий таъсир, санъат ва маданият ҳамда инклюзив таълим йўналишларида 3 юлдузли кўрсаткични қайд этди. Бу соҳаларда халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва чет эллик талабалар сонини ошириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Фарғона давлат университетининг ушбу ютуғи жамоанинг илмий изланишлар, халқаро ҳамкорлик ва таълим сифати соҳаларидаги изчил фаолияти самарасидир.
Университет келгусида илмий-тадқиқот ишланмаларни кучайтириш, инновацион таълим усулларини жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали ўз нуфузини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган.
ФарДУнинг "QS Stars" рейтинг тизимида 4 юлдузли баҳога сазовор бўлиши бутун Ўзбекистон таълим тизими учун фахрлидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА