Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жорий йилнинг 7-14 декабрь кунлари бўлиб ўтган V Ёшлар Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси муносиб иштирок этди.
Мазкур нуфузли мусобақада Фарғона давлат университети жисмоний маданият факультети талабаси Махдия Мухторова пара сузиш бўйича юксак маҳорат кўрсатди.

У 7 та масофада иштирок этиб, барчасида ғалаба қозонди ва жами 7 та олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Махдия Мухторованинг бундай юқори натижа қайд этиши нафақат университет, балки мамлакат пара спорти тарихида ҳам катта ютуқ сифатида эътироф этилмоқда. Бу Ўзбекистон пара сузиш мактабининг салоҳияти ва тизимли тайёргарлик жараёнлари самарадорлигини яна бир бор намоён этди.

Ушбу муваффақият спортчининг тинимсиз машқи, қатъияти ва устоз-мураббийларининг самарали меҳнати натижасидир.
Фарғона давлат университети талабасининг V Ёшлар Пара Осиё ўйинларидаги иштироки Ўзбекистон терма жамоаси умумий натижасига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА