Фарғонанинг ўз хонбалиғи ва осетраси бўлади
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев мазкур сув омборида бўлиб, дамбалар мустаҳкамлиги, сув сақлаш ва суғориш тизимларига тақсимлаш, балиқчилик хўжалигидаги ҳолат билан яқиндан танишди.
Ёзёвон сув омбори икки жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Аввало у Марказий Фарғона чўлларидаги ерларни ўзлаштириш, ҳосилдорликни ошириш, табиат мўътадиллигини сақлаш каби экологик вазифаларни бажаради. Шу билан бирга балиқчиликни ривожлантириш учун катта имконият.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев мазкур сув омборида бўлиб, дамбалар мустаҳкамлиги, сув сақлаш ва суғориш тизимларига тақсимлаш, балиқчилик хўжалигидаги ҳолат билан яқиндан танишди.
– Ёзёвон сув омбори водий аҳолиси учун стратегик аҳамиятга эга, – деди вилоят ҳокими бу ерда мутахассислар ҳамда тадбиркорлар билан бўлган мулоқот чоғида. – Сув — зарга тенг, деймиз. Демак, уни имконият бўлган чоғида кераклигича ғамлаб олиш ва оқилона сарфлаш талаб этилади. Биз сув омборидан вилоятнинг энг катта балиқ кўли сифатида ҳам самарали фойдаланишимиз лозим.
Маълумки, вилоятдаги туманларда ихтисослашув йилдан-йилга кучайиб боряпти. Масалан, Олтиариқ – узумчилик, Қува – анорчилик, Қувасой – гилосчилик каби тармоқларга ихтисослашяпти. Ёзёвон туманида эса балиқчилик анча ривожланган. Келгусида бу ерда яна ўнлаб шу йўналишдаги фермер хўжаликлари ташкил этилади.
– Мустақиллик байрами кунлари 100 тонна балиқни барча шаҳар-туманлар аҳолисига арзон нархларда, бир килограмини 8 минг сўмдан етказиб берамиз, – дейди тадбиркор Мирзарасул Маматов. – Келгусида эса сув омборидан йилига 4-5 минг тонна балиқ олиш имкониятимиз бор. Бизосетр, хонбалиқ етиштириш хўжалигини ҳам йўлга қўямиз.
2015 йилда Фарғона вилоятида жами 25 минг тонна парҳез балиқ олинган бўлса, 2020 йилда у 35 минг тоннага етиши учун барча имконият ва шароит борлиги таъкидланди мулоқот чоғида.
Шу куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Фарғона шаҳар марказий чиқиндихонасига ҳам борди. 72 гектар майдондаги чиқиндихона аҳволи, уни қайта ишлаш технологиялари билан танишди. Бу ерда ҳозир 529 минг тонна турли хил чиқиндилар тўпланган.
Вилоят ҳокими уларни турларига қараб қабул қилиш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш билан экологик вазиятга чиқиндихона таъсирини камайтириш чораларини кўриш юзасидан топшириқлар берди.