Фарғоналик тадбиркор автомашинасини сотиб, 250 миллион сўм хайрия қилди
Танти халқимизнинг меҳр-оқибати ва саховатига қойил қолмай илож йўқ.
Танти халқимизнинг меҳр-оқибати ва саховатига қойил қолмай илож йўқ. Данғара тумани Чағали қишлоғида яшовчи тадбиркор Камолиддин Арслонов юртимизда бошланган эзгу ташаббусга ўз ҳиссасини қўшди. У ўз автомашинасини онлайн тарзда сотиб, туман “Саховат ва кўмак” жамғармасига 250 миллион сўм маблағни беминнат хайрия сифатида ўтказиб берди.
Қамчиқ довони орқали Фарғона дарвозаси – Данғара туманига кириб борар экансиз, нон расталарига кўзингиз тушади. Бу ердаги бозорчада сотиладиган бетакрор таъм ва кўринишга эга нонларнинг таърифи машҳур. “Акмал патир”, “Санжар патир” каби брендлар пайдо бўлгани ҳам қўли гул новвойларнинг меҳнати маҳсулидир. Саховатли инсон Камолиддин Арслонов шу бозорча раҳбаридир.
–Халқимизнинг оғир кунларида қўл қовуштириб туриш бизларга ярашмайди, – дейди у. – Соғ-омон бўлсак, ҳали яхши автомашиналарни минамиз. Дунёда яхшилик қилишдан ортиқ эзгу амал бўлмаса керак.