Фарғонадан 150 мингдан ортиқ киши Иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилинган
1941-1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат бошига тушган оғир синовлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари каби Фарғона вилоятига ҳам катта таъсир қилди.
Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан
Иккинчи жаҳон уруши инсоният цивизилациясига энг катта талофат келтирган, секин асталик билан тараққий этиб келаётган дунё ҳамжамиятига катта зарба берган мудҳиш воқеа сифатида тарихда қолди. Уруш нафақат бутун дунё мамлакатлари, собиқ иттифоқ, балки Ўзбекистонга, унинг халқига улкан мусибатлар олиб келди, минглаб ота-оналар фарзанд доғига дучор бўлди, болалар эса етим қолди.
Урушда ғалаба қозонилишида ўзбек халқи ўзининг ватанпарварлиги, жасурлиги ва кўрсатган жасоратлари билан улкан ҳисса қўшди. Ўша даврларда Ўзбекистон ССР раҳбари бўлган Усмон Юсупов “Ўзбекистон — бу фронт орқаси эмас, Ўзбекистон — жанг майдони”, деган эди.
1941-1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат бошига тушган оғир синовлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари каби Фарғона вилоятига ҳам катта таъсир қилди. Фарғоналиклар урушда тезроқ ғалаба қозониш учун ҳар қандай топшириқларни бажаришга тайёр эканликларини билдирдилар. Бу даврда вилоят аҳолиси давлат иқтисодиёти ва у орқали жангда ғалаба қозониш учун улкан ишлар амалга оширди.
– Уруш бошлангач вилоятдан 150 мингдан ортиқ киши Иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилинди, – дейди вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Юсуфжон Камолов. – Улардан 54 минг 981 нафари ҳалок бўлган, айримлари бедарак йўқолган. 14 минг 912 нафар фарғоналик жангда кўрсатган мардлиги, жасоратлари учун собиқ Иттифоқ Қаҳрамони ҳамда жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди.
Архив зарварақларига битилган шонли тарихимизни ўрганар эканмиз, уруш бошланган дастлабки даврларда вилоятга фронтолди чизиқларидан жами 1 минг 280 дан ортиқ, кейинги даврларда эса яна минглаб болалар вилоятда ташкил қилинган болалар уйларига кўчириб келинганлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, 1941-1942-йилларда 10 та болалар уйи кўчириб келтирилди. 1942 йилда эса эвакуация қилинган болалар учун Фарғона шаҳрида 500 ўринли болалар ошхонаси қурилди. 1944 йил охирига келиб вилоятда 36 та болалар уйи мавжуд эди.
Фарғона архиви сақловида бўлган 1124-фондга тегишли “Фарғона вилоят ижроия комитети” ҳужжатларининг далолат беришича 1941 йил Қизил армия ҳарбий санитария ва тиббиёт муассасаларини кичик тиббиёт ходимлари билан таъминлаш мақсадида Фарғонада 175 кишилик ўқув курслари ташкил этилди. 1942 йилда эса Москва шаҳридаги 4-сонли Тиббиёт институти Фарғона шаҳрига кўчириб келинди, шунингдек, 500 нафар катта курс талабалари ҳамда 44 кишидан иборат профессор-ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари олиб келинди. Бундан ташқари вилоятга 5 минг ўринга эга 16 та госпитал эвакуация қилиниб, уруш ногиронларига хизмат кўрсатувчи 550 ўринли 3 та ногиронлар уйи ишлаб турди.
Бундан ташқари, фронт минтақаларидан кўчириб келтирилган Шарқшунослик институти, Олий дипломатия мактаби Фарғона шаҳрига, Д.И.Менделеев номли Москва кимё технология институти, Кировтоғ-технология техникуми Қўқон шаҳрига жойлаштирилди.
Саноат, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бир қанча ишлар амалга оширилди. 1941-1944 йилларда янги саноат корхоналари қуриш учун давлат томонидан Фарғона вилоятига 195,4 миллион сўм капитал йўналтирилди. Уруш майдонларидан Ўзбекистонга жойлаштирилган юздан ортиқ саноат корхонасининг 25 таси Фарғона вилоятига кўчириб келинди. Уруш йилларда вилоят ҳудудида 30 дан ортиқ йирик корхоналар қурилиб, ўз фаолиятини бошлади. 1941-1945 йилларида Фарғона вилояти мамлакатга 602 минг тоннадан зиёд қимматли саноат хомашёси, 18 минг тонна пилла етказиб берди.
Вилоят архиви сақловидаги мавжуд 1126-фондга тегишли “Фарғона вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси” ҳужжатларига таяниб айтадиган бўлсак, 1941 йилда вилоятнинг ялпи ишлаб чиқариши 104 фоизга бажарилган бўлса, 1942 йилга келиб бу рақам янада ортди ва давлат хазинаси 1941 йилдагига нисбатан 190 миллион сўм кўп маблағ туширилди. Айни 1942 йили вилоят ишчилари томонидан жангчилар учун 54,5 минг тонна ошланган тери ва жун жами 9 минг 159 та турли кийим-кечаклар, 23 минг 334 жуфт оёқ кийим ва пайпоқ ҳамда бошқа кўплаб кийим-бош тайёрланиб, жўнатилди. Вилоятда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 1945 йилга келиб 1940 йилдагига нисбатан 2,2 баравар ортди ва Фарғона республикамизда Тошкентдан кейин иккинчи саноат базасига айланди. Булар орқали эса, фронт ортидан туриб буюк ғалабага ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшди.
Фарғоналиклар урушда алоҳида жасорат кўрсатган ҳозирги кунда вилоятдаги архив муассасаларида шахсий фондлари яратилган Мамадали Топволдиев, Тўйчи Назаров, Тожиали Бобоев, Аҳмаджон Шукуров, Тўхтасин Аҳмедов, Муҳиддин Умридинов, Қосим Ёқубов, Абдусалим Дехқонбоев сингари довюрак баҳодирлари билан ҳақли равишда фахрланади. Улар Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвон билан тақдирланган ёки “Шуҳрат” орденининг тўла кавалерлари бўлган. Улар озод қилган ҳудудлардаги қишлоқларга номлари берилди.
9 май – Хотира ва Қадрлаш куни юртимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Тинч ва омон кунларга етиб келишимизда ўз жонини фидо қилган юртимиз қаҳрамонларини хотирлаб, қонли жангоҳларда мардонавор курашиб фашизм устидан ғалаба қозонилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, ҳозирда улуғ ёшларни қаршилаб, бугунги кун авлодларига уруш даврининг оғир кунлари ҳақида сўзлаб бераётган инсонлар қадрланиб, эъзозланмоқда. Айни пайтда вилоят ҳудудида 70 нафар уруш қатнашчилари истиқомат қилиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинмоқда. Мана шундай тинч ва осуда замонларга етиб келишимизга улкан ҳисса қўшган фахрийларимизга қанча илтифот кўрсатсак арзийди.
Фарғона вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, вилоят ахборот -кутубхона маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган қахрамонлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида “Менинг буюк бобом“ лойиҳасини бошлади. Оилавий архивлардаги боболаримизнинг уруш жангоҳларидан юборилган хатлари ва суратлари ҳамда фронт ортидаги фидойиликлари акс этган бошқа ҳужжатлари асосида олтин фонд яратилиши режалаштирилган.