Фарғонада янги давлат хизматлари маркази очилди
Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида Фарғона шаҳар давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида Фарғона шаҳар давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев иштирок этди ва марказда яратилган шароитлар билан танишди.
Фарғона вилоятида фуқароларга кўрсатиладиган давлат хизматларини сифат жиҳатидан янада ошириш мақсадида айни кунларда марказлар замонавий ва қулай кўринишга келтирилмоқда.
Фарғона шаҳри вилоятнинг маъмурий маркази ҳисобланади. Шунинг учун бу ерда ҳар бир иншоотлар вилоятга хос бўлиши зарур. Шаҳардаги Давлат хизматлари марказининг янги биноси ҳам пандемия шароитида мижозларнинг сифатли хизмат олишларига кўмаклашиш мақсадида тез фурсатларда қулай ва шинам кўринишга келтирилди. Эндиликда марказда бир вақтнинг ўзида 20 нафар, бир кунда 650 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Айни кунларда замонавий тарзда жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналар, кутиш заллари, болалар майдончаси, инфоленд, кафетерия мижозлар учун қўшимча қулайликлар эшигини очади.
— Давлат хизматлари марказининг замонавий биноcи барча учун қулай бўлди, — дейди шаҳар ДХМ директори Одилжон Каримов. — Чунки аввалги марказ биносига фуқароларнинг қатнови ноқулай эди. Истиқлолимизнинг 29 йиллиги шодиёналари кунларида тантанали очилган янги биномиз эса шундоққина «Ал Фарғоний» истироҳат боғи ёнида жойлашган. Деярли барча жамоат транспортлари шу йўл ёқасидан ўтади.
Марказга кираверишда ходимлар хушкайфият билан фуқароларни давлат хизматлари соҳасидаги мурожаатини ўрганиб, тегишли ойналарга йўналтиради. Электрон навбат, инфокиоск, кутиш зали, болалар майдончаси... ҳаммаси муҳайё қилинган. Мониторларда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.