Фарғонада сектор раҳбарлари, депутат ва сенаторлар фаолияти ўрганилди
Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти сектор раҳбарларига бириктирилган ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти сектор раҳбарларига бириктирилган ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Айни жараёнда Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 3 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида танлов асосида Фарғона, Риштон, Фурқат ва Қува туманлари сектор раҳбарлари фаолияти таҳлил ва танқид руҳида ўрганилди.
Ўрганиш давомида вилоятдаги айрим секторлар, айниқса, туман ҳокимлари бошчилигидаги секторлар фаолияти самарасиз ташкил этилганлиги, улар томонидан аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги кузатилди.
Масалан, Риштон туманида 1-сектор фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилган, аҳоли муаммолари билан ишлаш қониқарсиз аҳволда, сектор штаби учун ажратилган хоналарнинг ҳолати ва туман ташкилотларидан келиб тушган хатлар сўнгги маротаба 2019 йилнинг 6 сентябр куни қайд этилганлиги штаб фаолияти 8-9 ойдан буён тўхтаб қолганлигидан далолат беради. Секторда 2020 йил 1-чораги учун “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмаган, жорий йилнинг 1-ярим йиллиги давомида келиб тушган 4 та мурожаатда кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Қува туманининг 1-секторида “Темир дафтар”га киритилган 583 та оилани камбағалликдан чиқариш борасидаги ишлар мутлақо талабга жавоб бермайди, хусусан, кредит олиш истагини билдирган 21 нафар фуқаронинг рўйхатини “Агробанк”ка юбориш билан чекланилган, холос, 77 та оила иссиқхона қуриш ва ишга жойлашиш истагини билдирган бўлсада ҳали амалий ишлар бошланмаган, кам таъминланган оилалардаги ишсиз фуқароларни доимий ишга жойлаштириш ишлари қониқарсиз аҳволда.
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўшма сессиясида Ишчи гуруҳнинг ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Сессия ишини вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Ғаниев бошқариб борди.
Сессияда ўрганиш натижалари бўйича Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси, Сенат ишчи гуруҳи раҳбари Толибжон Мадумаровнинг маърузаси тингланди.
Таъкидлаб ўтилганидек, вилоятнинг 4 та туманида олиб борилган ўрганишлар жараёнида аҳоли муаммоларини ҳал этиш, пандемия даврида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, оилаларни доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш борасида сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар эътиборга лойиқ. Бу жараёнда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам фаол жалб этилгани ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни баратарф этишда амалий таклифлар, юзма-юз мулоқотлар самарадорлигини ошириш имконини берди.
Шу билан бирга маърузада коронавирус пандемияси даврида карантин қоидаларига тўлиқ риоя этиш, тиббий маданиятни юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш, ҳуқуқбузарликлар ва оилавий ажримларнинг олдини олиш, кам таъминланган аҳоли қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги фаолият кўлами ва галдаги вазифалар сарҳисоб этилди.
Маъруза юзасидан Сенат ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар олиб борилган ҳудудлар сектор раҳбарлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Қўшма сессия кун тартибига киритилган иккинчи масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Раҳматулло Камолов ҳисоботи эшитилди. Унда ҳудудларда муаммоларни ҳал этиш, пандемия даврида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш мақсадида депутатлар томонидан олиб борилаётган ишлар, депутатлик назорати тадбирларини янада кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Сессияда кун тартибига киритилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.