Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Президент чақириғига жавобан 100 та оила ишли бўлди
15:14 / 2020-04-21

Фарғона вилоятида коронавирус пандемияси даврида иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратиляпти.


Фарғона вилоятида коронавирус пандемияси даврида иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратиляпти.

Март ойида “Автоойна” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва экспортни самарали йўлга қўйганлиги учун “Jentra” автомашинаси билан тақдирланди.

Бугун эса “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган “Admiral group” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай рағбатга эга бўлди. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев мазкур жамиятга янги автомашинанинг калитини топширди.

“Admiral group” масъулияти чекланган жамияти 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, лойиҳа учун 5,1 миллион долларлик инвестиция сарф этилган. 155 нафар киши меҳнат қилаётган корхонадаги сифатли ун маҳсулотларига ички ва ташқи бозорда талаб катта. Ўтган йилда 105 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 72,1 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди, 850 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди. Айни вақтда корхона тўла қувват билан ишламоқда.

– Президентимизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сургани муҳим воқелик бўлди, – дейди жамият раҳбари Шавкат Юнусов. – Бугунги карантин даврида бу каби хайрли ишлар аҳолини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Биз ҳам атроф ҳудудлардаги 100 нафар ишсиз, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли рўйхатини тузиб чиқдик. Улар уч ой муддатга корхонамизга ишга олинди. Агар бу иш жойлари уларга маъқул келса, шартномани яна узайтиришни режалаштирганмиз. Оталаримиз ҳатто кичик бир сартарошхонага ҳам эга бўлмаган. Бугун давлатимиз раҳбари яратиб берган имкониятлар боис катта мулкдор эгасиман. Президентимиз чақириғига “лаббай” деб жавоб бериб халқимизнинг оғир кунларида саховат ишларига ҳисса қўшиш аслида бизнинг бурчимиз бўлиши керак. Шу орқали қанчалаб оилалар даромад кўради, ҳаётидан рози бўлади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, 2021 йилда қўшимча 3,8 миллион долларлик янги лойиҳа татбиқ этилиб, ишлаб чиқариш қуввати 72 минг тоннадан 126 минг тоннага етказилади, яна 100 та янги иш ўрни яратилади.

Тадбиркорнинг бу каби эзгу саъй-ҳаракатларига вилоятдаги бошқа тадбиркорлар ҳам қўшилмоқда.