Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада мева-сабзавотларни қайта ишлаш ҳажми ортмоқда
11:50 / 2020-08-13

Натижа кутилганидан ҳам аъло


Фарғона вилоятида 2020-2021 йилларда халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар ҳисобидан қишлоқ хўжалиги тармоқлари ва кичик тадбиркорлик учун 42 миллион доллар сарф этилмоқда. Бунда янги боғ ва токзорлар барпо этиш, мева-сабзавотларни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқин йилларгача ҳам вилоятда экологик жиҳатдан тоза, табиий дармон-дориларга бой мева-сабзавотларнинг атиги 8-10 фоизи қайта ишланар эди, холос. Шу боис айни пишиқлик даврида узоқ сақлаш имконияти йўқлиги учун фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларида етиштирилган боғдорчилик маҳсулотлари аксарият ҳолларда сув текинга сотиларди.

Жаҳон бозоридаги талаб ва таклифни ўрганиб, илмий ва инновацион ғоялардан кенг фойдаланаётган фарғоналик тадбиркорлар эндиликда мева-сабзавотларни қайта ишлаш ҳамда экспорт қилиш борасида катта ҳаётий тажрибага эга ҳисобланади.

– “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида “Евро Принт” масъулияти чекланган жамияти қошида мева қуритиш ва қадоқлаш тармоғи ишга туширилди, – дейди корхона раҳбари Аюбхон Позилов. – Хориждан замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатилиб, кунига 1 тонна мева-сабзавотларни саноат усулида қуритиш имконияти яратилди. Коронавирус пандемияси даврида 100 та янги иш ўрни яратилган корхонада мева-сабзавотларни қадоқлашга мўлжалланган идишлар, бир марталик гигиеник воситалар ҳам ишлаб чиқариляпти.

Қўқонлик тадбиркорлар энг серсув ҳисобланган ҳурмо мевасини ҳам қуритилган ҳолда экспорт қилиб кўришди. Натижа кутилганидан ҳам аъло. Буюртмачилар Фарғона хурмоси жаҳон бозорида араб хурмосидан ҳам харидоргир бўлишини эътироф этишяпти. Ҳозирги кунда Фарғона боғларида шарбатга тўлиб пишган шириндан-шакар мевалар, полиз маҳсулотлари саноат усулида қуритилиб, қадоқланган ҳолда МДҲ, Осиё қитъаси давлатларига экспорт қилинмоқда.

Хусусан, ушбу корхона маҳсулотлари ҳам ўтган қисқа вақт ичида Россия, Жанубий Кореяда харидоргир бўлиб улгурди. Айни пайтда корхона жамоаси Фарғона олмаларини Европа мамлакатларига экспорт қилиш бўйича ўзаро ҳамкорлик келишувларига эришди.

photo_2020-08-13_12-28-18.jpg