Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада мамлакатимизда илк бор тик қудуқларни онлайн масофадан бошқариш тизими жорий этилди
18:26 / 2020-02-12

Лойиҳа бўйича 5 та фермер хўжалигининг 31,5 гектар майдонига полиэтилен қувур ва 5 дона сув қулоғи ўрнатиш харажатлари эса 25 миллион сўмни ташкил этди.


Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур лойиҳа доирасида ўрнатилган автомат қурилмалар электр энергиясини тежаш, авария ҳолатларини олдиндан аниқлаш, бегона шахслар томонидан қудуқдаги насоснинг ёқиб-ўчирилишига чек қўйиш, ходимларнинг ортиқча вақт сарфини ва сув беҳуда исроф бўлишини камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, диспетчер хонасидан бир вақтнинг ўзида бир нечта тик суғориш қудуқларини бошқариш имконини беради.

Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Фарғона туманининг “Оқбилол” ҳудудида жойлашган 314-сонли тик сув чиқариш қудуғи 5 та фермер хўжалигига хизмат кўрсатади. Илгари ушбу қудуқдан энг охирги дала майдонига сув 4-4,5 соатда етиб борган. Яъни, ариқ тўлгунга қадар шунча вақт давомида электр энергияси сарфланган. Шу билан бирга, ер остидан тортиб чиқарилган сувнинг қарийб ярми экинларгача етиб борган холос.

Ҳудуддаги суғориш қудуғига 160 диаметрли полиэтилен қувурдан 500 метр тортилиб, 5 та фермер хўжалигининг ҳар бирига биттадан сув қулоқлари ўрнатилганидан сўнг, сув 4 дақиқа ичида бир томчи ҳам йўқолмасдан охирги дала майдонига етиб борадиган бўлди.

сув.jpg

Мутахассислар таҳлилига кўра, шу кунга қадар қудуққа ўрнатилган насос соатига 45 киловатт ёки 20 минг 250 сўм маблағ сарфлаётган бўлса, 4 соатда бу кўрсаткич 180 киловатт ёки 81 минг сўмни ташкил этар эди. Эндиликда ҳар суғориш чоғида 4 соат ариқ тўлғазишга кетган электр энергияси ёки 81 минг сўм миқдоридаги давлат бюджети маблағлари иқтисод қилинмоқда. Умуман олганда, илгаригига нисбатан электр энергиясини 15 фоиз тежаш ва сув йўқотилишини 50 фоиз камайтиришга эришилди.

Лойиҳа бўйича 5 та фермер хўжалигининг 31,5 гектар майдонига полиэтилен қувур ва 5 дона сув қулоғи ўрнатиш харажатлари эса 25 миллион сўмни ташкил этди. Ҳозирги кунда 27 та тик қудуқда бу янгилик жорий қилинган бўлиб, биринчи чорак давомида улар сонини 45 тага етказиш режалаштирилган.