Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада карантин даврида 15 сутка “ўтирадиганлар” кўпайди
19:18 / 2020-04-10

“Қилмишимдан пушаймондаман, билмасдан шу ишни қилиб қўйдим”.


“Қилмишимдан пушаймондаман, билмасдан шу ишни қилиб қўйдим”. Бу жавобгарликка тортилаётган шахсларнинг одатдаги сўзлари. Бир инсон адашибдида деймиз...Аммо нима учун бугунги карантин даврида ҳам айрим фуқаролар белгиланган қоидаларга амал қилмасдан ҳуқуқбузарликларни содир этяпти? Улар қонун-қоидаларни менсимаяптими ёки билиб-билмай қиляптими?

Фарғона вилоятида карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар 5 минг 430 та қоидабузарлик аниқланган.

– Хусусан, маъмурий судлар томонидан 3 апрелдан 9 апрель кунига қадар карантин қоидаларини бузиб, ҳуқуқбузарлик содир қилган 61 нафар шахсга нисбатан 45 та маъмурий иш ҳужжатлари кўриб чиқилди, – дейди вилоят маъмурий судининг судьяси Улуғбек Аҳмедов. – Судлар томонидан 52 шахсга нисбатан маъмурий қамоқ, 9 шахсга нисбатан жарима жазолари тайинланган.

Фарғона шаҳрида яшовчи Г.Якубов белгиланган карантин қоидаларини бузиб, ниқобсиз, маст ҳолда бирон-бир арзирли сабабсиз бақир-чақир кўтарди. Бу ҳам етмаганидек, карантин даврида тегишли тартибда уйида ўтирган оила аъзоларини тунда кўчага ҳайдамоқчи бўлган. Воқеа жойига етиб келган профилактика инспекторини гапига қулоқ солмай, уни уятли сўзлар билан ҳақорат қилди.

Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан бу ҳуқуқбузарга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, ундан қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлар ундирилди.

Марғилон шаҳрилик Б.Тиллабоев ҳам ўзининг бошқарувидаги “Нексия” автомашинасида “Чорчинор” маҳалла фуқаролар йиғини Само кўчаси назорат пости орқали тўсилганлигини кўрса-да ушбу тўсиқдан қонунга хилоф равишда ўтмоқчи бўлди. Бу ерда назорат олиб бораётган маҳалла фаолини сўкиб, тўсиқни очишни талаб қилган. Фуқароларни осойишталигини бузиб, безорилик қилган бу фуқаро Марғилон шаҳар маъмурий судининг қарорига кўра 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини олди.

Яна бир ҳуқуқбузар Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи О. Қурбонов профилактика инспектори томонидан тартиббузарлиги сабабли бир неча бор огоҳлантирилган. Аммо бундай хулоса қилмаган кўринади. У спиртли ичимлик ичиб, кўчага чиққанида ниқоб тақишни “унутди”. Бу ҳам етмаганидек, кўп қаватли уйда бақир-чақир қилиб, жанжал қилди. Ҳатто профилактика инспекторини ҳақорат қилиб, қонуний талабларига бўйсунмади. Сўх туман маъмурий суди бу иш материалларини кўриб чиқиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини қўллаб, жарима ундириш ҳам белгиланди.

Бугунги кунда жойларда карантин қоидаларига амал қилиш борасида кўплаб тарғиботлар қилиняпти. Уйдан қолишлик муҳим эканлиги узлуксиз таъкидланмоқда. Шундай бўлса-да, айрим фуқаролар буни эшитмаганга олиб, қоидаларни қўпол тарзда бузаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Жорий йил 9 апрель куни соат 15:30 ларда ҳуқуқбузар С.Ортиқов спиртли ичимлик истеъмол қилгани ҳолда Қувасой шаҳар “Ҳ.Олимжон” маҳалла фуқаролар йиғини А.Навоий кўчаси ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар олдида ниқобсиз юрганлиги аниқланган. ИИБ профилактика инспектори ўзини таништириб, ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим қилиш ва ИИБ биносига бориш ҳақида айтганида қонуний талабларига бўйсунмасдан, унга қаршилик кўрсатган.

Қувасой шаҳар маъмурий суди томонидан ҳуқуқбузарга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида 1 миллион 115 минг сўм жарима жазоси тайинланди.