Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада гўшт 42 минг сўм
12:47 / 2020-10-20

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият, бу ёқда эса қиш фасли эшик қоқиб турибди.


Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият, бу ёқда эса қиш фасли эшик қоқиб турибди. Ана шундай ҳолатда аҳолининг озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ ташвиши ортиши табиий, албатта.

Бу борада Президентимиз раислигида жорий йил 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган муҳим вазифалар аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

Аввал хабар берганимиздек, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида мазкур видеоселектор йиғилишидаги вазифалар муҳокама этилди.

Сессияда Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудида яратилган тизим, бозорлардаги шарт-шароит ва нарх-наво бўйича ҳисобот берди.

photo_2020-10-20_12-49-27.jpg

Таъкидланишича, ҳудудда гўшт нархи ошишининг асосий сабаби ем-хашак етишмовчилиги ва айрим тадбиркорлар томонидан маҳсулотнинг кўп қисми пойтахтга жўнатилаётганидадир.

Табиийки, ем-хашак етиштириш учун ер майдони керак. Ер эса чегараланган. Сўнгги йилларда вилоят ерларининг маълум қисми пахта ва ғалладан қисқартирилди. Бу эса чорва озуқаси етиштириш ҳажмини кўпайтириш учун қўл келади. Бундан ташқари, вилоятда қаровсиз ерлар ҳам ўзлаштирилмоқда.

Чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорлар учун барча шароитлар яратиб берилади ва бу йўналишдаги лойиҳалар икки баробар оширилади. Биргина чорвачилик йўналиши бўйича 45 та янги лойиҳа ишга туширилади. Маҳаллий чорвачиликдан ташқари инвесторлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, Беларусь Республикасидан музлатилган мол гўшти олиб келинади.

photo_2020-10-20_12-49-29.jpg

– Бир йилдан буён Тошкент шаҳрига Беларусь Республикасидан музлатилган гўшт олиб келамиз, – деди “Мирко” хорижий корхонасининг ижрочи директори Нодирбек Холтожиев. – Жорий йил август ойидан бугунгача “ҳалол” сертификатига эга 40 тонна музлатилган гўшт олиб келдик. Шу кунгача мазкур маҳсулотни истеъмолчилар 44 мингдан 46 минг сўмгача харид қилишмоқда. Бу 15 фоизли қўшилган қиймат солиғи, корхонамизнинг харажатлари билан ҳисоблаганда. Маҳсулотни асосан гўшт дўконлари, кафе ва ресторанлар, гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган корхоналар сотиб олмоқда. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан тадбиркорларга енгиллик бериш мақсадида қўшилган қиймат солиғи вақтинча олинмайдиган бўлди. Бунинг натижада истеъмолчилар маҳсулотни 41 мингдан 42 минг сўмгача харид қилиши мумкин. Кўпчилик гўшт нархи нега арзон деб сўрайди? Нарх паст дегани гўштнинг сифати ёмон дегани эмас. Сабаби биз Беларусь Республикасининг гўшт комбинати билан катта миқдорда шартнома тузганмиз. Улар бизга келишилган нархда музлатилган гўшт етказиб беради. Аҳоли сонига нисбатан оладиган бўлсак, уларда гўшт истеъмоли бизга нисбатан камлиги ҳам нархнинг пастлигига хизмат қилади. Фарғона вилояти ҳокимининг таклифи билан ҳудудга ҳар ойда 150-200 тоннагача музлатилган гўшт етказиб беришни режалаштиряпмиз.

Вилоятда аҳолига хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўз ходимларига 3 ойга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беради. Давлат ташкилотларида ишловчи ходимлар учун арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этилади. Ҳар бир маҳаллада “Экобозор” фаолияти йўлга қўйилади. Бир сўз билан айтганда, вилоятда 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотининг нархлари барқарорлиги таъминланади. Бунинг учун ҳокимликнинг алоҳида жамғармаси ташкил этилиб, шаҳар ва туманлар атрофларида улгуржи тақсимлаш, саралаш марказлари ташкил этилади. Бозорда ана шу 8 турдаги маҳсулот нархи кўтарилса, мазкур марказ маҳсулотлари орқали нарх туширилади. Бундан ташқари, ушбу марказ маҳсулотлари ижтимоий ҳимояга муҳтож (ночор) оилаларга бепул берилади.

photo_2020-10-20_12-49-32.jpg

Вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз фаолиятини янада кенгайтириш ва бу орқали озиқ-овқат маҳсулотлари тан нархининг барқарорлигини таъминлашга бел боғлаган. Жумладан, Қўштепа туманининг Истиқлол маҳалласида 1995 йилда ташкил этилган “Шукур Давлат” кўп тармоқли хусусий фермаси томонидан қиймати 11,7 миллиард сўмни ташкил этувчи 1000 бош қорамолга мўлжалланган “Чорвачилик комплекси ҳамда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа учун тадбиркорнинг 1,5 миллиард сўм маблағи ва 700 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий кредит йўналтирилди. Қурилиш ишлари 2018 йилнинг иккинчи чорагида бошланган. Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг 100 та доимий ҳамда экин ва йиғим-терим ишлари учун яна 100 дан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилади.

– Ота-боболаримиз чорвачилик билан шуғулланган, – деди корхона таъсисчиларидан бири Давлатжон Сайдалиев. – Мазкур корхонани узоқ йиллар давомида отам бошқарди. Кейин акам билан бу ишни давом эттирдик. Ёзда Эстония давлатидаги таъминотчи хамкорлар томонидан қиймати 623,7 минг еврога тенг бўлган 297 бош наслли қорамол етказиб берилди. Ҳозирги кунда корхонамизда Германия, Австрия, Эстониядан келтирилган жами 1 минг 200 бошга яқин наслли мол боқилмоқда. Чорвачиликда энг катта муаммо ем-хашак етказиб беришдир. Дастлаб озуқа етиштириш учун 150 гектар ер бор эди. Туман ҳокимлиги томонидан яна 400 гектар ер ажратиб берилди.

photo_2020-10-20_12-49-36.jpg

Битта наслли мол кунига 15 литрдан 30 литргача сут беради. Корхонада кунига 15 тоннага яқин сут қайта ишланади ва 15 дан ортиқ сут маҳсулоти тайёрланади. Маҳсулотлар фақат маҳаллий аҳолига етказиб берилади. Бундан ташқари, корхона гўшт етиштиришга ҳам ихтисослашган бўлиб, ҳар бир наслли мол 1 тоннага етгунча боқилади. Ойига 40-50 тонна гўшт истеъмолчиларга етказиб берилади.

Корхонага Германиянинг “Mondelez International” ҳамда Туркиянинг “Cezar” компанияларидан сут соғиш ускуналари ва бошқа зарур қурилмалар олиб келиниши бўйича шартномалар тузилган. Ушбу ускуналар жорий йилнинг декабрь ойигача олиб келиниши, шундан сўнг биринчи йил ферма маҳсулотларининг 10-20 фоизи, кейинги йилларда эса 30-40 фоизгача қисми қўшни давлатларга экспорт қилиниши режалаштирилган.

Марказий Фарғона чўлининг қоқ маркази бир вақтлар қамишзор ва қаровсиз ер бўлган. Тўрт йилдан буён бу ерда сунъий кўллар ҳосил қилиниб, балиқ етиштирилмоқда. 2017 йил Олтиариқ туманидаги “Farg`ona baliq sanoat” МЧЖ томонидан 2 минг тонна сиғимли музлаткич омборхона ташкил этилган. Натижада вилоятда балиқ маҳсулотлари арзон бўлиши таъминланган. Хусусан, бу ерда балиқ 8 мингдан 13 минг сўмгача (сазан) сотилмоқда.

– Асосан қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, боғдорчилик билан шуғулланамиз, – деди “Farg`ona baliq sanoat” МЧЖ раҳбари Мирзарасул Маматов. – Умумий ер майдонимиз 150 гектар. Корхона томонидан 2020-2021 йилларда балиқ етиштириш ва балиқни қайта ишлаш инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа қиймати 32 миллиард 600 миллион сўм. 30 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Ҳозирги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилиб, 100 гектар ер майдонида 20 та балиқ кўли ташкил этилган. Ушбу кўлларда ҳозирги кунда балиқнинг сазан, амур, оқ-балиқ, асётир, толстолоб каби турлари етиштирилмоқда. Балиқ озуқасини ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Балиқни қайта ишлаш бўйича Хитой давлатидан ускуналар олиб келиниб, айни пайтда ўрнатилмоқда. Жорий йилнинг охиригача 500 тонна, кейинги йилда 1000 тонна балиқ етиштиришни режалаштиряпмиз.