Фарғонада қарийб 10 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди
Хабарингиз бор, 2020 йил 1 июлдан бошлаб Давлат солиқ қўмитаси ўзини ўзи банд қилган фуқароларни рўйхатдан ўтказишни бошлаган эди.
Хабарингиз бор, 2020 йил 1 июлдан бошлаб Давлат солиқ қўмитаси ўзини ўзи банд қилган фуқароларни рўйхатдан ўтказишни бошлаган эди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 июнда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра ўзини ўзи банд қилган фуқаролар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларининг 24 тадан 67 тага етказилиши фуқароларнинг қонуний ишлашлари учун берилган катта имкониятдир.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишни хоҳловчилар “Soliq” мобиль иловасидан фойдаланган ҳолда ёки жисмоний шахсларнинг шахсий кабинети орқали масофадан туриб бепул амалга оширмоқда.
Рўйхатга олиш жараёнининг дастлабки 13 кунида, яъни 1-13 июль кунлари фаолият турлари бўйича Фарғона вилоятида яшаш манзили бўйича жами 9 минг 932 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди.
Соҳалар кесимида оладиган бўлсак рўйхатдан ўтганларнинг энг кўпи сартарошлик, маникюр, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш каби маиший хизматларга тўғри келмоқда. 13 кун ичида бундай фаолият турлари билан шуғулланувчи 2948 нафар фуқаро рўйхатдан ўтган.
Шунингдек, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа, нон сингари халқ истеъмолидаги маҳсулотлар тайёрлаш ва сотиш ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш каби фаолият турлари билан шуғулланувчи 2475 нафар фуқаро ҳам ўзини ўзи банд қилган шахс сифатидан рўйхатга олинган.
Ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хом ашё тўплаш каби фаолият турлари билан шуғулланувчи 1296 нафар фуқаро ҳам рўйхатдан ўтган.
Таъкидлаш жоиз, юқоридагилар каби 67 та фаолият тури билан шуғулланувчилар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар тоифасига киритилиб, солиқ имтиёзлари берилиши аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг даромади Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар 2020 йил учун камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи, яъни 111 минг 500 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўлайдилар.