Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада 40 миллион доллар валюта захираси тежалди. Қандай?
17:09 / 2020-10-13

Вилоятимизда январь-сентябрь ойларида маҳаллийлаштириш лойиҳаларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 452,7 миллиард сўмга етказилиб, 40 миллион доллар валюта захирасини тежашга олиб келди.


Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, сифатли бўлиши лозим. Айниқса, ҳудудларда мавжуд хом ашё ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга муҳим эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 мартда қабул қилинган “2020-2021 йилларда ички ва ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида Фарғона вилоятида қандай ишлар бажарилмоқда? 

Вилоят ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси Акмалжон Пўлатов ЎзА мухбирига мазкур йўналишдаги ишлар хусусида сўзлаб берди.

-Ўзбекистон Республикаси саноати тармоқларини ривожлантириш бўйича тасдиқланган 13 та дастурда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш назарда тутилган, -дейди А. Пўлатов. 

photo_2020-10-13_17-09-16.jpg

– Экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган саноат сиёсатини юритиш муҳим вазифамиздир. Хусусан, вилоятимиздаги кўплаб тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга оширишга муҳим эътибор қаратилмоқда.Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ўзлаштириш учун тавсия этиладиган 800дан ортиқ турдаги тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмларнинг рўйхати кўрсатилган. 

Шу билан биргаликда, ҳудудий маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳар бир лойиҳа ва маҳаллийлаштириладиган маҳсулот тури бўйича ишлаб чиқариш параметрлари белгиланди. Жумладан, 2020 йилда вилоят маҳаллийлаштириш дастурига 65 та лойиҳа киритилиб, 386,2 миллиард сўмлик импорт ўрини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш эвазига 37,5 миллион доллар валюта захирасини тежаш имконияти яратилади.

Вилоятимизда январь-сентябрь ойларида маҳаллийлаштириш лойиҳаларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 452,7 миллиард сўмга етказилиб, 40 миллион доллар валюта захирасини тежашга олиб келди.

photo_2020-10-13_17-09-07.jpg

Бугунги кунда Фарғона шаҳридаги "Winchemical" масъулияти чекланган жамияти томонидан термо изоляцион қоғозлар ва қурилиш хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Авваллари бу каби маҳсулотлар юз фоиз хорижий давлатлардан импорт ҳисобидан олиб келинар эди. Ҳозирга қадар корхона томонидан 5,6 миллиард сўм импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Вилоятимизда автомобилсозлик эҳтиёт қисмларини ҳам маҳаллийлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўқон шаҳридаги "Shaffof metan sanoat" масъулияти чекланган жамияти томонидан юқори сифатли ва импорт ўрнини босувчи турли ўлчамдаги замонавий метан газ баллонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги фикримиз исботи бўлиши мумкин. Мазкур корхонада 500 дан ортиқ ишчи ходимлар меҳнат қилишяпти. Уларнинг меҳнатлари билан йил якунига қадар 186,9 миллиард сўм қийматдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 18 миллион доллар валюта маблағлари тежалиши режалаштирилган.

Қува туманида жойлашган "Зооветфармасервис" хусусий корхонасида 20 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланиб, корхона томонидан фармацевтика саноати йўналишида 16 хил турдаги турли кўринишдаги ветеринария дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур корхона ҳозирга қадар 520 миллион сўм қийматдаги 16 турдаги ветеринария дори воситалари ишлаб чиқарди. Бу эса вилоятга чет элдан олиб келинаётган шундай маҳсулотлар ўрнини тўлиқ қоплайди. Бундан ташқари, маҳсулотларга минтақа давлатлари бозорида талаб катталигини эътиборга олиб, келгусида корхона ишлаб чиқариш қувватини ошириш, маҳаллий хом ашёдан фойдаланиш даражасини 75 фоизга етказиш, ишлаб чиқаришда энергия тежовчи технологияларни қўллаш орқали маҳсулот таннархини камайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

photo_2020-10-13_17-09-09.jpg

Вилоятимизда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида тармоқ корхоналари улуши ҳам сезиларли бўлмоқда. "Farg'onaazot" акциядорлик жамияти томонидан жорий йил якунига қадар умумий ҳажми 10,6 миллиард сўмлик 3 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларда маҳаллий хом ашё улуши юз фоизга етказилди ҳамда 12,7 миллиард сўм қийматдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

"Moderna ceramic industries Fergana" масъулияти чекланган жамияти томонидан янги - 3D технологияли пардозбоп керамик плиткалар ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилган. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг маҳаллий хом ашё улуши 71 фоизга етказилди ҳамда 76,4 миллиард сўм қийматдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Ушбу йўналишда ҳали амалга ошириладиган вазифаларимиз кўп. Бунинг учун эса ҳар бир ҳудуддаги имкониятларни чуқур ўрганишимиз, тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда иш ташкил этишимиз зарур бўлади.

М.Сулаймонов суҳбатлашди, М.Қодиров (сурат), ЎзА