Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада 21 мингдан ортиқ тадбиркор солиқ имтиёзидан фойдаланади
19:11 / 2020-05-21

Биргина вилоятимиздаги тадбиркорлар давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган 10,3 миллиард сўм маблағни солиқлардан тежаб қолади.


Бутун дунё, хусусан, мамлакатимизда кузатилаётган бугунги синовли даврда коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратиб бериш ҳар доимгидан ҳам муҳим.

Сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 18 майда қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унга кўра, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкини камайтириш бўйича бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар берилмоқда.

– Кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари ва бошқа кўплаб юридик шахслар 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинмоқда, – дейди Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Азизбек Эркинов. – Айни пайтда мазкур имтиёздан вилоятимиздаги 4 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фойдаланиш имконияти эга бўлиб, уларнинг ихтиёрида келгуси уч ой мобайнида 15,5 миллиард сўм маблағ қолиши кутиляпти. 

Шунингдек, Президентимизнинг тегишли фармонларига асосан айрим солиқ тўловларини фоизсиз кечиктириш ҳуқуқи берилган эди, янги қабул қилинган ҳужжатга кўра эса, кичик тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммаларини ҳисобдан чиқариш кўзда тутилмоқда. Албатта, ушбу имтиёз ҳам тадбиркорларга иқтисодий томондан жуда катта енгиллик яратади. Биргина вилоятимиздаги тадбиркорлар давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган 10,3 миллиард сўм маблағни солиқлардан тежаб қолади.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга ҳам солиқ имтиёзи татбиқ этилиб, ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилмоқда. Мутахассиснинг таъкидлашича, мазкур имтиёздан Фарғона вилоятидаги 21 мингдан ортиқ тадбиркор фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, икки ой давомида уларнинг ҳисобларида қарийб 14 миллиард сўм қўшимча маблағ қолиши кутилмоқда.

Пандемия даврида берилаётган бундай солиқ имтиёзлари, албатта, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга, тадбиркорларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, якунда эса мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигига хизмат қилади.