Фарғонада 2 минг 258 та уй-жой қурилади
Бугунги кунда Фарғона шаҳри ҳар томонлама обод бўлиб, муҳташамлик касб этиб бормоқда.
Бугунги кунда Фарғона шаҳри ҳар томонлама обод бўлиб, муҳташамлик касб этиб бормоқда. Ўтган йили кўп қаватли арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида 9 та 7 қаватли, 378 хонадондан иборат янги уйлар қурилиши тўлиқ якунланди ва фойдаланишга топширилди.
Мазкур шаҳарда нафақат кўп қаватли уйлар, балки ижтимоий-иқтисодий соҳалар объектлари, савдо, маданият, сервис ва хизмат кўрсатиш сингари иншоотлар қурилиши ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунёдкорлик ишлари жараёнида замонавий ва тежамкор технологиялар, бино-иншоотларнинг дизайни, меъморий ечими, ландшафт архитектураси каби омилларга ҳам жиддий эътибор қаратилаётгани эътиборга сазовордир.
Айни дамда вилоят марказида Президент мактаби қурилиши қизғин давом этяпти. Сентябрь ойидан илк ўқувчиларни қабул қилиши режалаштирилган муҳташам таълим масканида келажагимиз ворислари маънан ва жисмонан баркамол бўлиб камолга етишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этиляпти. Замонавий ўқув бинолари, ахборот-кутубхона маркази, спорт мажмуаси, ётоқхона шулар жумласидандир.
–Президент мактабида яратилаётган қулайликлар фарзандларимизнинг энг юксак орзу-умидларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади, – дейди қурувчи Бахтиёр Валломов. – Бундай имкониятдан фойдаланиб, аъло баҳоларга ўқиш, бир неча хориж тилларини ўрганиш, юртимиз довруғини бутун дунёга достон қилиш керак.
“Файз Бинокор Олтиариқ” корхонаси бунёдкорлари томонидан икки қаватли мазкур мактаб қурилиши коронавирус пандемияси даврида қурилиш соҳасида белгиланган меъёр ва талабларга тўлиқ амалга қилган ҳолда олиб борилмоқда.

Шу кунларда шаҳар марказининг Алишер Навоий кўчасида тадбиркорлар томонидан 11 та 12 қаватли – 1584 та хонадондан ташкил топган уй-жойлар қурилмоқда. Бу борада белгиланган режага кўра, яқин йилларда ушбу мажмуада кўп қаватли уй-жойлардан ташқари меъморий ечими бир-бирини такрорламайдиган яна кўплаб бино-иншоотлар барпо этилади.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида тажриба тариқасида тадбиркорларимиз 16 қаватли уйлар қурилишига киришдилар. 2 та 16 қаватли – 160 хонадондан иборат янги уйлар жорий йил якунига фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда “Шаҳар қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш ишлари карантин даврида белгиланган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя этилган ҳолда давом эттирилмоқда.
Бугун Фарғона шаҳрида илмий салоҳияти жиҳатидан мамлакатимизда нуфузли мавқега эга бир неча олий таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Вилоят марказида Осиё ва Европанинг машҳур олий таълим даргоҳлари фаолияти йўлга қўйилаётгани эса бу борадаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Фарғона шаҳрида Жанубий Кореянинг халқаро университети учун янги бино қурилиши ишлари ниҳоясига етказиляпти. Лойиҳа қиймати 36,4 миллиард сўм бўлган ушбу объектда пардозлаш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Демак, яқин кунларда Фарғонада навқирон авлод учун яна бир илм-маърифат маскани ўз қучоғини очади. Замонавий бу таълим масканида бугунги давр талабига рақобатбардош малакали мутахассислар тайёрлашга киришилади.