Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада 1 минг 689 нафар фуқаро тиббий кузатувга олинган
18:54 / 2020-08-17

Уларнинг 310 нафарида инфекция аниқланиб, 304 нафари тўлиқ соғайди ва одатий ҳаёт тарзига қайтарилди.


Коронавирус пандемияси бошланганидан буён Фарғона вилоятида тана ҳарорати кўтарилиши кузатилган, беморлар билан мулоқотда бўлган ва эндемик давлатлардан кириб келган 116 минг 439 нафар фуқаролардан инфекция учун намуналар олиниб, лаборатория усулида текширувлар ўтказилган. Уларнинг 310 нафарида инфекция аниқланиб, 304 нафари тўлиқ соғайди ва одатий ҳаёт тарзига қайтарилди.

Вилоят ҳудудида 22 минг 773 нафар фуқаролар тиббий назоратга олинган бўлиб, уларнинг 21 минг 84 нафарида 14 кунлик тиббий кузатув муддати тугалланиб, соғлиғи қониқарли деб топилган. Айни пайтда 1 минг 689 нафар фуқаролар тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Вилоятда коронавирус инфекциясига қарши курашиш, тарқалишини олдини олиш ва жиловлаш борасидаги чора-тадбирларнинг тизимли йўлга қўйилгани боис талафотлар кам бўлмоқда. Албатта бунда фидоий шифокорларнинг хизмати катта.

Мамлакатимизда аҳоли сони ва зичлиги жиҳатидан энг катта вилоятлар сирасига кирувчи Фарғонада қандай саъй-ҳаракатлар эвазига бундай натижага эришилди? Бугун видеоселектор тарзида ўтказилган халқ депутатлари вилоят кенгашининг ўн тўртинчи сессиясида ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

photo_2020-08-17_18-53-39.jpg

Сессия ишини вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Шуҳрат Ғаниев бошқариб борди.

Сессияда кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева вилоят, шаҳар-туман студияларида қатнашаётган депутатлар, фаоллар билан онлайн мулоқот ўтказди.

– Хабарингиз бор, шу йилнинг 12 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталиб ўтдилар, – деди Сенат раиси. – Бу борада ҳар бир фуқаромиз соғлиғи ва ҳаёти учун курашни янада кучайтирган ҳолда иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсадида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш чоралари белгиланди.

Сессияда пандемияга қарши курашиш фақат тиббиётчилар ёки давлат идораларининг эмас, балки барчанинг муҳим вазифаси эканлиги таъкидланди.

photo_2020-08-17_18-53-45.jpg

Мазкур жараёнда вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари четда томошабин бўлиб турмаслиги кераклиги, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлиги, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш лозимлигига эътибор қаратилди. Айниқса, тўйлар ва бошқа оилавий маросимларни ўтказишда карантин тартиб-қоидаларига жиддий амал қилиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси педиатрия илмий маркази раҳбари Дилором Аҳмедова, сенатор Топволди Холдоров, вилоят кенгаши депутатлари Манзура Салимова, Феруза Мадалиевалар пандемияга қарши курашишда Фарғона тажрибаси, вилоятда олиб борилаётган тизимли ишлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Қўштепа ва Ёзёвон тумани, Марғилон шаҳар ҳокимларининг карантин талабларига амал қилиш бўйича аҳоли ўртасида олиб бораётган тушунтириш-тарғибот ишлари ҳақидаги онлайн ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, сессияда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаровнинг бир гуруҳ тиббиёт соҳаси фаолларининг аҳолига мурожаатини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббуси маъқулланди.

Сессия ишида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.