Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 65 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди
Мамлакатимизда тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат бозорини барқарор ва мувозанатли ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида аҳолининг бандлик даражаси ошмоқда.
Мамлакатимизда тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат бозорини барқарор ва мувозанатли ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида аҳолининг бандлик даражаси ошмоқда.Фарғона вилоятида ҳам аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят меҳнат бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 65 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилган.
– Аҳоли бандлигини таъминлаш, инсон омилини ҳамиша биринчи ўринга қўйиш энг устувор вазифалардан биридир, – дейди вилоят меҳнат бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мирзоҳид Деҳқонов. – 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида 93 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Аҳоли, айниқса, ёшларни меҳнатга фаол жалб этиш, ишлаб чиқаришда юқори самарадорликка эришиш иқтисодиёт ривожини тезлаштириш билан бирга, ижтимоий масалаларни ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бандлик дастурини ишлаб чиқишда янги иш ўринлари яратишнинг аниқ йўналишларини белгилаб, унинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мақсадли дастурларга мувофиқ ташкил этиладиган иш ўринлари ана шу йўналишлардан биридир. Фарғона, Қўқон, Қувасой шаҳарлари ва қатор туманларда бу йўналиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида фақат саноат салоҳиятини ошириш дастури ҳисобидан 7 минг 597 янги иш ўрни яратилди.
Вилоятда иш ўринлари янги корхоналар ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш, тадбиркорлик, касаначилик, фермер ва деҳқон хўжаликларида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа соҳаларни янада ривожлантириш орқали амалга оширилмоқда.
Жойларда уй меҳнати шаклларини янада ривожлантириш, аҳоли бандлиги, турмуш ободлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2006 йил 5 январдаги "Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида касаначиликни ривожлантириш орқали 92 корхонада 744 иш ўрни яратилди. Марғилон шаҳридаги "Асил ипак гиламлари" хусусий корхонаси, "Ёдгорлик" масъулияти чекланган жамияти, Қувасой шаҳридаги "Кварц", Қўқон шаҳридаги “Қўқондон” акциядорлик жамиятида касаначилик орқали турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Касаначиликни ривожлантириш чекка қишлоқларда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини оширишнинг муҳим омили бўлмоқда. Миллий ҳунармандликни ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали ҳам кўплаб янги иш ўринлари ташкил этилаётир.
Мамлакатимизда бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказиш яхши анъанага айланган. Саккиз ой мобайнида вилоятда 90 ана шундай ярмарка ташкил этилиб, 27 мингдан зиёд иш жойи таклиф қилинди. 1 минг 978 фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
– Қувасой саноат касб-ҳунар коллежини битирганман, – дейди Диёра Зокирова. – Яқинда ўтказилган меҳнат ярмаркасида “Қувасой консалтинг” оилавий корхонасига ишга йўлланма олдим ва ҳозир шу ерда ишламоқдаман.
Шундай тадбирлар туфайли Учкўприк агросаноат ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мухтасар Собирова 24-мактабгача таълим муассасасига, Учкўприк саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Умид Усмонов 31-умумтаълим мактабига, Қувасой педагогика ва иқтисодиёт коллежи битирувчиси Фарход Узоқов “Валик сарчашмаси” корхонасига ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашди.
Мухтасар айтганда, вилоятда бандликни таъминлаш, шу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юксак самаралар бермоқда.