Фарғона шаҳрида 1895 йилдан буён ўсаётган ноёб дарахт
Дарахт 1895 йилдан буён Марғилонсой атрофида меъёрида ўсиб, ривожланиб келади.
Фарғона шаҳрида ўсувчи ноёб дарахт – Америка ботқоқлик кипарис дарахти мамлакатимизга, хусусан Самарқанд ва Фарғона ҳудудларига 1895 йилда келтириб экилган экан.
Қадимда Фарғона шаҳридан ўтган Марғилонсой атрофида ботқоқлик, зах сувлар ернинг юза қисмига яқин жойлашган. Бу ерларда намлик меъёридан ортиқ бўлгани боис бир қанча ботқоқсарви кўчатлар четдан олиб келинган. Бугунда Марғилонсой қирғоғида фақат бир туп ботқоқ кипариси сақланиб қолган ва у ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган. Дарахт 1895 йилдан буён Марғилонсой атрофида меъёрида ўсиб, ривожланиб келади.
Ботқоқ кипариси (ботқоқсарви) туркуми 2 турга эга бўлиб, улар Шимолий Америка, хусусан, Мексикада тарқалган. Ушбу ўсимлик сувга яқин ботқоқлик ва зах жойларда, кислороди кам бўлган тупроқда яхши ўсишга мослашган. Ушбу дарахтларнинг айримлари доимий яшил тусда бўлса, айримлари нинасимон баргларини қишда тўкади. Қуббалари юмалоқ, шохларининг диаметри 2 см, бир йилда етилади. Уруғидан кўпаяди. Ёввойи ҳолда бўйи 40 метргача етиб, 500-600, ҳатто 1000 йилгача яшайди. Тана пўстлоғи яшаш шароитига боғлиқ ва турли шароитда турли рангда – тўқ яшил тусдан тилла ранг сарғишгача, тўқ қизил-жигарранг кўринишга эга бўлади. Айниқса, қишда баргсиз ҳолда ғоят чиройли кўринади ва кема елканини эслатади.



