Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларга етарлича парвариш кўрсатилмагани туфайли уларнинг бир қисми қуриб қолди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси маълум қилди.
7 май куни ўтказилган назорат тадбирлари чоғида тумандаги 11 та ташкилотда кўчатларга нисбатан агротехник талаблар бажарилмагани, суғориш тизими йўлга қўйилмагани ва экологик тавсияларга амал қилинмагани аниқланди.

Натижада масъулларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 4-қисми асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жами 41 миллион 250 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда. Энг муҳими, дарахт экишнинг ўзи етарли эмас,уни тўғри парваришлаш, вақтида суғориш зарур. Бу эса “Яшил макон” лойиҳа самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз: “Яшил макон” лойиҳаси Ўзбекистонда экологик муҳитни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва аҳолининг экологик маданиятини ошириш мақсадида амалга оширилаётган муҳим ташаббус ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири