Ўзбек тилини ривожлантириш фақат таълим ёки расмий муҳитда, балки жамият ҳаётининг ҳар соҳасида самарали алоқаларни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар нафақат тилнинг бойлигини сақлаш, балки миллатлараро тотувлик ва бағрикенг муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида миллий маданий марказлар фаолларига сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ўртасида имзоланган меморандум асосида ташкил этилди.
Маросимда қўмита ва марказ раҳбарлари, миллий маданий марказлар фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, меморандум доирасида миллий маданий марказлар фаоллари учун мўлжалланган янги ўзбек тили курсининг биринчи машғулоти ҳам бўлиб ўтди.
Бу курслар миллий маданий марказлар фаоллари учун ўзбек тилини чуқур ўрганишда янги имкониятлар яратади ва жамиятда миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Курслар орқали фаоллар тил билимини амалиётда қўллаш, маданий алмашинувлар ва ижтимоий лойиҳаларда самарали иштирок этиш имконига эга бўлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА