Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 1 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни тасдиқланиб, қабул қилинди.
Қабул қилинган ушбу қонун Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан бораётган мамлакатимизда демократик жараёнларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва янада мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ушбу қонун билан жамоат бирлашмаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилиб, молиявий имкониятлари янада кенгайтирилганлигини барча жамоат ташкилотлари қатори, биз миллий-маданий марказлар вакиллари ҳам мамнуният билан қабул қилдик. Қонун мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилаётган эътиборнинг, олиб борилаётган халқчил ва оқилона сиёсатнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Мазкур қонун ҳужжати миллий-маданий марказлар фаолияти учун ҳам янги имкониятлар эшигини очиб беради. Яъни:
Биринчидан, қонуннинг 3-моддаси, 3-бандида “Жамоат фондлари тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига киритилган ўзгартиришлар билан жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилди. Қолаверса, марказларнинг асосий эътиборни маданий-маърифий фаолиятга қаратишига кенг имкон беради.
Иккинчидан, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 21-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, давлат ижтимоий буюртмаларини бериш механизмлари янада аниқлаштирилди. Бундан ташқари, давлат органларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ташаббусли лойиҳаларни қўшимча молиялаштириш ҳуқуқи берилди. Бу ўзгаришлар юртимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг миллий урф-одат, анъаналари ва маданиятини асраб-авайлашга, тарғиб этишга қаратилган лойиҳалар учун янги молиявий манбаларни очиб беради.
Учинчидан, қонунда фуқаролик жамияти институтларига давлат органлари томонидан тўғридан-тўғри давлат ижтимоий буюртмалари берилишининг янги механизмлари белгиланди. Бу бизга маданий меросни сақлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни давлат органлари билан бевосита ҳамкорликда амалга ошириш имконини беради.
Мухтасар айтганда, ушбу қонун миллий-маданий марказларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади. Марказимиз қонунда белгиланган имкониятлардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб фуқароларнинг миллий қадриятларини сақлаш ва тарғиб этишга, юртимиз равнақи, мамлакатимиздаги миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш йўлида янада самарали фаолият олиб боради.
Обиджон Носиров,
Қирғиз миллий-маданий маркази
Андижон вилояти бўлими раиси.
ЎзА