Навоийда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш Агентлиги ташаббуси билан “Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил қилиш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўллари” мавзусида семинар ташкил этилди.
Унда Навоий вилоятида 2022 йилнинг биринчи чорагида самарадорлик кўрсаткичлари бўйича “қониқарсиз” деб топилган 114 нафар ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.
– Семинарнинг асосий мақсади ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали йўлга қўйилишини такомиллаштириш, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ни аниқлаш бўйича методик билимларга эга бўлишини таъминлаш, маҳалла ҳудудида инфратузилма яратиш ҳамда мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва уларнинг ечимини топиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат, – дейди Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Ҳайитов. – “Маҳаллабай” ишлаш тизимида ҳоким ёрдамчисилари фаолиятини инсон омилисиз мониторинг қилиш ва баҳолаш юзасидан “Online-mahalla.uz” платформасида самарадорликни баҳолаш тизими ишга туширилган. Ушбу платформа орқали ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлиги 6 та кўрсаткич ва 5 та ташаббускорлик бўйича баҳолашни ўз ичига олган сўровнома орқали онлайн тарзда баҳоланмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорак якунларига кўра, вилоятдаги 330 нафар ҳоким ёрдамчисининг 35 нафари фаолияти “аъло”, 83 нафари “яхши”, 98 нафари “қониқарли” ва 114 нафари фаолияти “етарли даражада эмас” деб баҳоланди.
Президентимиз раислигида 2022 йил 19 апрель куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишда тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда фаолияти “қониқарсиз” деб топилган ҳоким ёрдамчиларини доимий ўқитишни ташкил этиш вазифаси юклатилган эди. Шу муносабат билан ташкил этилган семинарда ҳоким ёрдамчиларига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш Агентлиги, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Савдо-саноат палатаси, Бандлик, Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармаси, “Ҳунармандлар” уюшмасидан келган мутахассислар ҳамда Навоий давлат кончилик институти ва Навоий давлат педагогика институти префессор-ўқитувчилари томонидан соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида маълумот ва тавсиялар берилди.
Ўзаро фикр алмашиш ва баҳс-мунозара шаклида ўтган семинар якунида ҳоким ёрдамчиларининг 2 кун давомида олган билимлари тест синовлари орқали баҳоланди.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири