Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида ёшлар турибди. Зеро, фаол, ташаббускор ва билимли ёшлар жамият тараққиётининг энг муҳим омили ҳисобланади. Улар учун яратилаётган имкониятлар, бандлигини таъминлаш, замонавий касб-ҳунар эгаллаши ва тадбиркорликка жалб этишга қаратилган лойиҳалар эса ўз самарасини бермоқда.
Бу борада Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Туманда 21 мингга яқин ёшлар истиқомат қилади. Уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда маҳалла ёшлар етакчилари муҳим ўрин тутади. Айниқса, ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни манзилли ҳал этишга қаратилган ёндашув ўз самарасини кўрсатмоқда.

Бунда Давлатимиз раҳбарининг ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бизнес ғояларини амалга ошириш учун молиявий ҳамда хизмат кўрсатиш механизмларини жорий этишга қаратилган ташаббуслари катта аҳамият касб этмоқда. Айниқса, олий таълим муассасаларини якунлаган ёшлар учун иш ўринлари яратиш ва уларнинг бизнес ғояларини амалга оширишда молиявий ҳамда хизмат кўрсатиш механизмлари фаол қўлланилмоқда.
Шу асосда, биргина 2025 йилда туманда “Оилавий тадбиркорлик”, “Бизнесга биринчи қадам” ва “Маҳалла” лойиҳалари доирасида 311 нафар ёшга қарийб 3 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар ёрдамида ёшлар қандолатчилик, паррандачилик, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишди.

– Бундан ташқари, ёшларнинг билим ва малакасини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Гулистон туман бўлими бошлиғи Фазлиддин Ҳайдаров. – Қувонарлиси, Президентимизнинг қўллаб-қувватлови ва ёшларга бўлган эътибори туфайли ўтган йили “Ёшлар дафтари” орқали 610 нафар ёшнинг сафарбарлик резерви бадаллари, олий таълим учун шартнома тўловлари, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш харажатлари қоплаб берилди.
Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган “Жасорат мактаби” лойиҳаси доирасида 27 нафар ёш қўллаб-қувватланди. Уларнинг 9 нафари халқаро даражадаги имтиҳонларда иштирок этиши ва муваффақият қозониши учун зарур харажатлар билан таъминланди.

– Асосийси, ёшлар муаммоларини тизимли ҳал қилиш мақсадида 45 марта “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари ўтказилиб, 432 нафар ёшнинг мурожаати ижобий ҳал этилди. “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Устоз AI”, “Қизлар академияси” ва “UzChess” каби мега лойиҳалар орқали 16 мингдан ортиқ ёш турли йўналишларда қамраб олинди. Бу тадбирлар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва шахсий ривожланишига муҳим ҳисса қўшмоқда, – дейди Фазлиддин Ҳайдаров.

Энг муҳими, амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида касб-ҳунарга эга бўлмаган ёшлар сони қисқармоқда, бандлик даражаси ортиб бормоқда. Ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар камайиб, жамиятда соғлом муҳит шаклланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, фаол ёшлар — амалий ютуқлар кафолатидир. Уларнинг ташаббуси, билими ва интилиши қўллаб-қувватланар экан, жамият тараққиёти янада барқарор ва изчил давом этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири