Сирдарё вилоятини Оқолтин туманида ёшларнинг ҳарбий тайёргарлиги, жисмоний ва маънавий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган “Ватанпарварлар” ҳарбий спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақа давомида иштирокчилар нафақат шахсий тайёргарлиги ва маҳоратларини намоён этдилар, балки жамоавий руҳ ва стратегик фикрлаш қобилиятларини ҳам синовдан ўтказишди.

Мусобақа дастури доирасида иштирокчилар бир қатор мураккаб ва қизиқарли беллашувларда иштирок этишди. Жумладан, саф тайёргарлиги, ҳарбий эстафета, АК-74 калашников автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш, моҳир мерганлик ҳамда жамоавий стратегик беллашувлар ташкил этилди. Беллашувлар қизғин ва муросасиз руҳда ўтди, ҳар бир жамоа ғалаба учун астойдил ҳаракат қилди.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг интизоми, жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги ва жамоавий ҳамкорлик қобилиятларини юқори баҳолашди. Айниқса, беллашувлардаги тактик хулоса чиқариш ва тезкор қарор қабул қилиш маҳорати алоҳида эътиборга сазовор бўлди.
Мусобақа натижаларига кўра, 1-ўринни тумандаги 10-сонли умумтаълим мактабининг “Ватанпарварлар” жамоаси қўлга киритди. 2-ўрин 14-сонли умумтаълим мактабининг “Лочинлар” жамоасига, 3-ўрин эса 18-сонли умумтаълим мактабининг “Жасорат” жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Шунингдек, барча иштирокчиларга ёшлар ўртасида спортга қизиқишни ошириш, жисмоний ва маънавий тайёргарликни мустаҳкамлаш мақсадида эсдалик сертификатлари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири