Андижон давлат чет тиллар институтида намунали фаолият олиб борган профессор-ўқитувчилар, илғор ва фаол ходимларни тақдирлаш - “ASIFL HONOUR” тақдимоти ўтказилди.
Мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларида “Шараф кодекси” ишлаб чиқилган. Унга кўра ҳар ўқув йили охирида йил давомида самарали меҳнат қилган ходимлар рағбатлантирилади.
– Институтимиз жамоаси 2023-2024 ўқув йили давомида самарали фаолият олиб борди, бир қатор ютуқлар қўлга киритилди, – дейди институт ректори Дилшодбек Рустамов. – Хусусан, фаолиятимизда малакали мутахассислар тайёрлаш, инсон капиталини ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар малакаси ва таълим сифатини ошириш, ходимларга зарур иш шароитлари яратиш, жаҳондаги ривожланган ОТМларининг топ 1000 талигига кириш, институт илмий салоҳиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-18176]
Ғолибликка номзодларнинг ҳужжатлари одиллик ва шаффофлик асосида кўриб чиқилди. Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, тақдимот тадбирида институт ижтимоий ҳаётида ўзининг фидоийлиги, меҳнатсеварлиги билан ҳамкасбларига ўрнак кўрсатган, ўқув, илмий-услубий, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда фаол қатнашган, талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадрият, урф-одатларимизга бўлган ҳурматини оширишга қаратилган тарғибот ишларида самарали иш олиб борган профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар “Ўқув йилининг энг яхши устози”, “Ўқув йилининг энг яхши ёш олими”, “Ўқув йилининг энг яхши маънавият тарғиботчиси”, “Ўқув йилининг энг яхши олима аёли”, “Ўқув йилининг энг яхши тюьтори” сингари 13 та номинация бўйича муносиб тақдирланди.
Тақдимот тадбирининг гран-при соврини “Ўқув йилининг энг яхши ўқитувчиси” деб топилган Мўминжон Ашуровга насиб этди. Унга институт раҳбарияти томонидан статуэтка, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
– Меҳнатларим эътирофидан беҳад мамнун бўлдим, – дейди Мўминжон Ашуров. – Президентимиз ташаббуси билан юртимизда биз ўқитувчиларга, олимларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар эришаётган ютуқларимизнинг бош омили бўлмоқда. Ишонч билан айта оламанки, таълимга кўрсатилаётган эътибор яқин йиллар ичида албатта ўз самарасини беради, юртимиз тараққиёти янада юксалади.
Шунингдек, тарғибот тадбирида бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар, ходимлар вилоят ҳокимининг ҳамда институт ректорининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари