“Меҳнат –инсонни улуғлайди”, деган мақол бежиз айтилмаган. Айни кунларда Наманган вилоятида кўнгилли равишда далага отланган ҳашарчилар машаққатли меҳнат ҳисобига етиштирилган пахта ҳосилини ёғин-сочин кунларга қолдирмай териб олинишида ҳисса қўшиш, оила даромадларини ошириш йўлида фидойилик кўрсатмоқда. Илғор теримчилар бир кунда 200 килограммдан зиёд пахта териб, 300 минг сўмдан нақд пул олмоқда.
Бугунги қуёшли кунларнинг қадрига етган косонсойликлар терим шиддатини оширмоқда. Тумандаги “Абдувоҳит ҳосилот” фермер хўжалиги шийпонида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчилар Наманган вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Косонсой тумани ҳокимлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

– Кексалар дуоси ёшларга мадад, деган ниятда теримда фаоллик кўрсатаётган ҳашарчилар, теримчиларни тақдирлаб, уларнинг янада шижоат билан ишлашга ундаш мақсадида пахтазорларни кезяпмиз, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов. – Бу жараёнда саховатпеша ташкилотлар ҳам ташаббус билан чиқмоқда. Имкон қадар уларни рағбатлантиряпмиз.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА