Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фаол тадбиркорлар меҳнати эътироф этилди
10:34 / 2025-08-20

Навоий вилоят ҳокимлигида 20 август-- Тадбиркорлар куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларга яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар хусусида тўхталиб ўтди.  

Таъкидлаш ўринлики, Президентимиз бошчилигида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқлар кетма-кет бартараф этилмоқда. Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий ишлаб чиқарувчилар улушини изчил оширишга қаратилган давлат дастурлари бугун ўз самарасини бермоқда. Мамлакатимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар эса янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Вилоятда сўнгги 3 йилда тадбиркорлик субъектлари сони 30 минг 364 тага етди. Бу кўрсатгич вилоятда тадбиркорлар сони қарийб 7 каррага ошганлигини кўрсатади.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 76,8 миллион долларлик 303 та лойиҳа ишга туширилиб, 2888 та янги иш ўрни яратилди.

Вилоятда бугунги кунда қадар 184 та экспорт корхона мавжуд бўлиб, 135,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 7 ойда кичик ва ёшлар саноат зоналари тадбиркорлари томонидан жами 65,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган ва 4 миллион 450,4 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган.  

Бугунги кунга қадар 14 та янги давлатлар бозорлари ўзлаштирилиб, қўшимча 8,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди ҳамда экспорт географиясидаги давлатлар сони 52 тага етказилди.

Вилоятда 2024 йилда 621,9 миллион доллар, жорий йилнинг биринчи ярмида  эса 643,1 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.  

--Корхонамизда “Муҳташам” бренди остида турли мебелсозлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади,--дейди “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби, Навоий шаҳридаги “Xovandamir Holding” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳусниддин Гаппаров.-- Бугунги кунда корхонамизда 150 дан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. Бу ерда мебелсозлик, МДФ эшиклар ишлаб чиқариш йўналишида илк бор маҳаллий бозор учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлса, ҳозир 20 дан ортиқ, жумладан, МДФ эшиклар, корпус (ошхона, ётоқхона ва офис тўпламлари) ва юмшоқ мебеллар ҳамда металл (металл эшик, шкаф, сейф ва кўча чироқ устунлари) буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг катта қисми хорижга экспорт қилинмоқда. Жорий йил якунигача Навоий шаҳрида “Металл буюмлар заводи”нинг “Б” блогини ишга туширишни режалаштирганмиз. Натижада 10 турдаги маҳсулотни “конвейер” усулида серияли тарзда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва қўшимча 35 га яқин иш ўрни яратилади.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармонига биноан тақдирланган бир гуруҳ соҳа ходимларига “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалари топширилди.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири