Мамлакат тараққиёти, унинг тўкис ва фаровонлиги, маъмурлиги ишнинг кўзини билувчи, ўз ҳаётини шу юрт равнақи билан чамбарчас боғлаган тадбиркорларнинг меҳнати ва саъй-ҳаракатларига бевосита боғлиқдир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таъсис этилган "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони эл-юрт дарди билан фаолият кўрсатаётган шундай ишбилармон ҳамюртларимиз меҳнати ва интилишларини қўллаб-қувватлашдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Юртбошимизнинг куни кеча эълон қилинган "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармойиши асосида мазкур нишонга муносиб топилган бир гуруҳ тадбиркорларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Савдо саноат палатаси мутасаддилари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларнинг вакиллари, ишбилармон доиралар иштирок этди.
Тантанали тадбирда Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалари бўйича ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича
ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов тадбиркорлар учун зарур шароитларни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларида бирига айланганини таъкидлади.
[gallery-8427]
Дарҳақиқат, мамлакатимизда иқтисодиётни жадал ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитни яратиш, тадбиркорларнинг эркин ва самарали фаолият кўрсатиши учун зарур имкониятлар кўламини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда улар фаолиятига ҳалақит этаётган масалаларни чуқур ўрганиш, муаммоларга мақбул ечим топиш, соҳага оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича илгари мисли кўрилмаган ташаббуслар ҳаётга жадал жорий этилмоқда. Бу эса ўзига ҳам, халқимизга ҳам, мамлакатимизга ҳам фойда келтираётган, юрт тақдирини ўз тақдири билан уйғун кўрган ишбилармон юртдошларимиз сафининг тобора кенгайишида асосий омил бўлмоқда.
Мамлакатимизда ўтган йили илк марта 20 август куни Президентимиз томонидан тадбиркорлар билан мулоқотнинг ташкил этилиши, бу кун эса мамлакатимизда "Тадбиркорлар куни"деб эълон қилингани соҳа вакилларини қувонтирди.
Маросимда кўплаб ишбилармон ҳамюртларимизга "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.
- Тадбиркорликни 2010 йилда йўлга қўйганман, - деди Қашқадарё вилоятидаги “Sitora imkon plyus” нодавлат таълим муассасаси раҳбари, "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони соҳибаси Наргиза Саломова.- Шу кунгача минглаб хотин-қизларни иш билан таъминлашга муваффақ бўлдик. Тадбиркорларга кўрсатилаётган бундай катта эътибор ўз фаолиятимизни янада самарали олиб бориш имконини бермоқда.
Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш борасидаги эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирдилар.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири
Фотосуратлар муаллифи Носиржон Ҳайдаров